Дунё триатлон ишқибозлари эътиборини Ўзбекистонга қаратган “World Triathlon Cup Samarkand-2024” ва “World Triathlon Para Cup Samarkand-2024” мусобақалари якунланди.
Жаҳон кубоги баҳслари ва унинг доирасида ташкил этилган оммавий триатлон мусобақалари мухлисларга ўзгача завқ-шавқ улашди. Спортчилар учун эса Самарқанд баҳслари янги ғалаба, тажриба, маҳорат мактаби бўлиб қалбларига муҳрланди.
Самарқанд халқаро туризм маркази ҳудудидаги сув ҳавзасида, унга туташ ҳудудларда ўтган мусобақалар сарҳисобига кўра, эркаклар баҳсида 40 дан зиёд давлат вакили орасида буюк британиялик спортчи ғолибликка эришди.
Худди шунингдек, ўз йўналишларида германиялик Лена Мейснер, ирландиялик Жудит Маккомб, польшалик Ликач Виетески, испаниялик Хосе Луис Гарция Серрано, британиялик Ханна Мур сингари спортчилар биринчи ўринларни эгаллаши баробарида халқаро спорт майдонидаги натижаларини яхшилаб олишди.
– Самарқанд мусобақалари бир умр ёдимда муҳрланиб қолади, –дейди германиялик Лена Мейснер. – Дунёнинг энг қадимий шаҳри бўлган бундай бетакрор масканда бўлиш, унинг тароватидан ҳузур олиш ҳар қандай инсонга катта ифтихор бағишлайди. 2022 йилги жаҳон кубогида бронза медалини қўлга киритгандим, Самарқандда эса ғолиб чиқдим. Бу Олимпия ўйинлари олдидан мен учун катта руҳий қувват бўлди.
Халқаро триатлон федерацияси тақвим режаси асосида бўлиб ўтган жаҳон кубогида юқори натижаларга эришган спортчилар “Париж-2024” Олимпия ўйинларининг рейтинг очколарини қўлга киритди.
Бундай нуфузга эга бўлган мусобақанинг нафақат юртимизда, балки Марказий Осиё ҳудудида биринчи марта ўтказилганлиги алоҳида аҳамият касб этди.
Ўзида велосипед, сузиш, югуриш турларини жамлаган триатлон бўйича жаҳон кубогида умумий ҳисобда 60 га яқин давлат спортчилари иштирок этганлиги, улар орасида “Рио-2016”, “Токио-2020” Олимпиадаси совриндорлари қатнашганлиги мусобақа нуфузини белгилаб берди.
Бундан ташқари, Самарқандда кечган триатлон ва пара триатлон мусобақалари жаҳоннинг етакчи ахборот воситалари орқали тўғридан-тўғри намойиш этилганлиги мамлакатимизда туризм соҳасининг янги қирраларини очиб берди.
Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар Спорт вазирлиги, Ўзбекистон триатлон федерацияси ва Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди.
Т. Рўзиев, Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов(сурат),
ЎзА мухбирлари