Юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш – устувор вазифалардан бири

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Жаҳон банкининг Рақамли глобал амалиётни ривожлантириш директори Кристин Сян билан учрашув ўтказди.
Унда ҳамкорлик ишларини давом эттириш, келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Рақамли инклюзивлик лойиҳасининг ишга туширилиши Жаҳон банки билан келгусидаги ҳамкорлик лойиҳаларининг давом эттирилиши учун муҳим қадам бўлиши таъкидланди.

Шунингдек, учрашув давомида Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, IT компаниялар учун яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди ва IT Park ҳудудида жорий этилган махсус солиқ имтиёзлар тизимининг имкониятларига алоҳида урғу берилди.
Бу борада IT соҳадаги йирик хорижий компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун Жаҳон банки имкониятларидан фойдаланиш ва бу орқали IT хизматлар экспорти ҳажмини ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Жаҳон банкининг Рақамли глобал амалиётни ривожлантириш директори Ўзбекистонда рақамли трансформациялаш жараёнларининг боришини юқори баҳолади.
Таъкидланганидек, ёшларни АКТ соҳасига кенг жалб этиш орқали уларнинг бандлигини ошириш, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш – вазирлик фаолиятидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда учрашувда ИТEС ( ахборот технологияларига асосланган хизматлар) соҳаси бозорида янги иш ўринларини яратиш йўналишидаги лойиҳаларни янада кенгайтириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Н.Раҳмонова, ЎзА