Жорий йилнинг 18 май куни Самарқанд шаҳрида триатлон ва паратриатлон бўйича «World Trathlon Cup Samarkand – 2024» ва «World Trathlon Para Cup Samarkand – 2024» жаҳон кубоги мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионати беллашувлари бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан бугун, 16 май куни Самарқанд шаҳрида жойлашган «Hilton Regency» меҳмонхонасида халқаро мусобақалар олдидан ташкилотчилар иштирокида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва кенг жамоатчилик учун матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Халқаро Триатлон федерацияси ва Ўзбекистон Триатлон федерацияси раҳбарияти, шунингдек, Спорт вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар расмийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон спорт вазири А. Икромов, Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун
ўтказилаётган нуфузли халқаро мусобақанинг аҳамияти ҳамда мезбон сифатида Ўзбекистоннинг танлангани, бу борада амалга оширилган ишлар бўйича батафсил маълумот берди.

Охирги йилларда бошқа соҳаларда бўлгани каби давлатимиз томонидан мамлакатда спортни ривожлантириш ва оммалаштириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг пировардида жаҳон ва қитъа миқёсидаги нуфузли мусобақалар мезбонлиги Ўзбекистонга ишониб топширилмоқда.

Ўз навбатида халқаро мусобақаларнинг мамлакатимизда ўтказилиши бутун дунё эътиборини Ўзбекистонга қаратиш ва хорижий давлатлардан сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қилади.

Т. Рўзиев, Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари