“Самарқанд” халқаро аэропортида “Бир мақсад йўлида бирлашайлик” шиори остида йирик форум бўлиб ўтди.
«Uzbekistan Airports» АЖнинг турли бўлимларида фаолият юритаётган юзлаб ёш ходимлар иштирок этаётган икки кунлик тадбир жуда қизиқарли бўлди.
«Uzbekistan Airports» АЖдан олинган маълумотларга кўра, форум доирасида компания раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик, интерфаол мулоқот қилиш, жамоалар ўртасида авиация мавзусида билим ва мантиқий беллашувлар, ёш мутахассисларнинг таклиф ва лойиҳалари муҳокамалари бўлиб ўтди.
– «Uzbekistan Airports» АЖ бошқарув раиси билан учрашув ва мулоқот қилиш нафақат мен, балки ҳамкасбларим учун ҳам катта мотивация бўлди. Бу бизни нафақат илҳомлантирди, балки бирлаштирди ҳам», — дейди Бухоро халқаро аэропорти хавфсизлик хизмати катта ходими Эркин Холов.
Бугунги кунда компанияда ёшлар томонидан кўплаб янгилик ва лойиҳалар амалга оширилди.
-Ёшлар ташаббуси билан компаниядаги бўш ўринларга ходимларни ишга олиш лойиҳаси такомиллашмоқда, авиация соҳасида таҳсил олаётган истеъдодли талабалар учун стипендиялар жорий қилинди, Бошқарув раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси иштирокида ёшлар сиёсатига оид мурожаатлар ва муҳокамалар портали ишга туширилди, — дейди «Uzbekistan Airports» АЖ ижтимоий сиёсат бўлими бошлиғи Алишер Норматов.
Форумда шунингдек, ҳаётга тадбиқ этилиши режалаштирилган таклифлар ҳам билдирилди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА