Таиландда VI Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари шу йилнинг 21-30 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.
Унда жами 30 та спорт тури бўйича 290 та медаллар жамланмаси учун 60 та давлат спортчилари ўзаро рақобатлашади. Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, мазкур нуфузли ўйинлар дастуридан миллий қадриятимиз бўлган кураш спорти ҳам расман ўрин олган бўлиб, баҳслар Паттая шаҳрида ташкил этилади ва унда полвонлар 15 та вазнда медаллар учун рақобатлашади.
Эслатиб ўтамиз, аслида ҳар тўрт йилда ўтказилиши керак бўлган ушбу мусобақада 2021 йилда ўтказилиши белгиланган, аммо коронавирус пандемияси ва унинг янги тўлқинлари сабаб 2024 йилнинг февраль – март ойларига кўчирилган эди. Бироқ ўша вақтда деярли барча давлат спортчилари бор эътиборини «Париж-2024» ёзги Олимпия ўйинларига қаратаётгани боис Таиландда ўтказилиши режалаштирилган мусобақа кейинроққа қолдирилган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА