Халқаро оила кунининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда

332

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги ялпи йиғилишида 1994 йилдан бошлаб 15 май куни Халқаро оила куни деб белгиланган.

Шу кундан буён мана ўттиз йилдирки, бутун дунёда 15 май — Халқаро оила куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Мазкур сана муносабати билан 15 май куни “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти томонидан пойтахтимиздаги “Ренессанс” кино уйида “Оила институтини мустаҳкамлаш: фаровон ҳаёт ва барқарор келажак” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида эътироф этилганидек, оила, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари Ўзбекистонда доимий эътиборда бўлиб келган. Мамлакатимизда жорий этилган “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби ижтимоий лойиҳалар алоҳида эҳтиёжли оилаларни қўллаб-қувватлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларини бартараф этиш имконини бермоқда.

Кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси асосида маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, оилаларнинг аҳволини ўрганиш, уларни ўйлантираётган масалаларга тезкор ечим топиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хонадонларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш, камбағалликни қисқартиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Тадбир иштирокчиларига “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институтида тайёрланган оилаларни мустаҳкамлашга қаратилган қўлланма ва рисолалар ҳамда “Бахтли ва мустаҳкам оила тимсоли” мавзусидаги ўтказилган социологик тадқиқот натижалари тақдим этилди. Халқаро оила куни муносабати билан тайёрланган видеороликлар намойиш этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА