АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Киевга кутилмаган дипломатик ташриф билан келди. У Америка Қўшма Штатлари Украинани қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаб, мамлакат шимоли-шарқидаги Харьков вилоятида янги фронт чизиғини очган рус қўшинларини сиқиб чиқариш учун ҳаракат қилаётганини билдирди.

Узоқ кутилган 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам қабул қилингандан кейин Қўшма Штатлар расмийси амалга оширган илк сафар доирасида Блинкен Киевга эрта тонг поездда етиб келди. Номи ошкор этилмаган АҚШ расмийсига кўра, мақсад оғир вазиятда қолган украиналикларга ишонч сигналини билдириш. Блинкен Киевга 2022 йил февралдан буён тўртинчи бор келди. Бундан аввалги ташриф ўтган йил сентябрига тўғри келган.

Давлат департаменти баёнотида айтилишича, меҳмон Президент Владимир Зеленский ва мамлакатнинг бошқа юқори мартабали амалдорлари билан учрашган. Жанг майдонида Россияга қарши реал ўзгаришлар қилишга ваъда берган.

– Ёрдам ҳозир йўлда, бир қисми етиб келган, қолгани ҳам келади. Кучли, муваффақиятли, гуллаб-яшнаётган, эркин Украина Россияга энг яхши танбеҳдир – деган Қўшма Штатлар расмийси.

Ўз навбатида Зеленский иттифоқчисининг ёрдамини олқишлаб, асосий муаммо ҳаво мудофааси билан боғлиқлигини, шунингдек Харьков аҳолиси ва аскарлар ҳаво ҳужуми остида қолаётганини айтган.

Украина Олий Бош қўмондони Александр Сирский ва мудофаа вазири Рустем Умеров, АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан, мудофаа вазири Ллойд Остин ва яна бир неча юқори расмий фронтдаги вазият юзасидан музокара ўтказган. Душанба куни Салливан қурол-яроқ жўнатилишини тезлаштиришга ҳаракат қилинаётганини билдирган.

– Кечикиш Украинани инқирозга етаклади, мамлакатни бу ҳолатдан имкон қадар тезроқ чиқариш керак, – дейди Салливан.

Россия раҳбарияти таркибида жузъий ўзгариш юз берди. 2012 йилдан буён мудофаа тизимини бошқариб келган, энди Хавфсизлик Кенгаши котиби этиб тайинланган Сергей Шойгу жойини иқтисодчи Андрей Белоусовга бўшатиб берди.

Янги мудофаа вазири Макроиқтисодий таҳлил ва қисқа муддатли прогнозлаш маркази бош директори, иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия департаменти директори, 2012-2013 йилларда РФ иқтисодий ривожланиш вазири бўлиб ишлаган. 2013-2020 йиллари Президент ёрдамчиси сифатида фаолият юритган. 2020 йил 21 январда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

Хавфсизлик Кенгашини бошқарган Николай Патрушев Путиннинг ёрдамчиси этиб тайинланди.

Сардорбек Поёнов, Дониёр Ёқубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.