Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2024” йигирма олтинчи ва “Энергетика, энергия тежамкорлиги, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2024” ўн еттинчи халқаро кўргазмалари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон энергетика ҳафталиги доирасида ташкил этилган ушбу кўргазмаларда дунёнинг 29 та давлатидан 450 та ишлаб чиқарувчи компаниянинг ёқилғи-энергетика тармоғига оид замонавий ускуналари ва технологиялари тақдим этилмоқда.

Қайд этилганидек, ушбу тадбирлар Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва унинг ҳамкорлари “ICA Eurasia Group”, “Congresses of Central Asia – CCA” компаниялари ҳамкорлигида ўтказилмоқда.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонованинг сўзига кўра, “Ўзбекистон нефть ва гази – OGU” халқаро кўргазмаси 1997 йилдан буён ташкил этилади.

– Шуни таъкидлаш керакки, ёқилғи-энергетика сектори ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва фаровонлигида муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, ушбу “OGU 2024” кўргазмасида нефть ва газ саноатида тобора кўпроқ фойдаланилаётган замонавий ускуналар, илғор технологиялар ва инновациялар намуналари кенг намойиш этилмоқда. Масалан, Германия миллий стендида 7 та компания, Италия – Ўзбекистон савдо палатаси CIUZ бошчилигида Италиянинг 15 та компанияси кўргазмада кенг кўламли маҳсулотлар тўпламини тақдим этаётир. Россия Федерацияси ишлаб чиқарувчиларининг жамоавий стендидан компрессор ускуналари, “полипропилен-пўлат” туридаги комбинацияланган арқонлар, юк кўтариш механизмлари ва олинадиган юк кўтариш мосламалари, газ оқимини ўлчаш мосламалари, инновацион ёнғинга қарши ускуналар каби маҳсулотлар ўрин олган. Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Arena It Trade”, “Asman Energy”, “Imeter”, “Prista Trading And Packaging” сингари маҳаллий корхоналар ҳам ўз имкониятларини намоён қилмоқда, – деди О.Бобожонова.

Таъкидлаш керакки, дунё бўйича энергетика соҳаси барча тизимларда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги вақтда “тоза энергия”нинг асоси – “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича глобал миқёсда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур жараёнлар мамлакатимизда фаол қўллаб-қувватланмоқда. Президентимиз томонидан 2030 йилга келиб, ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмидаги ҚТЭМ улушини ҳозирги 10 фоиздан 25 фоизга етказиш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, мавжуд энергетика объектларини замонавийлаштириш, уларни диверсификациялаш ва технологик янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Юқоридаги омиллар мамлакатнинг энергетик мустақиллигига эришиш ва иқтисодиёт ва аҳолини электр энергияси билан таъминлашга қаратилган.

Айни шу талаблардан келиб чиқиб, анъанавий ташкил этилаётган “Энергетика, энергия тежаш, муқобил энергия манбалари – Power Uzbekistan 2024” ва “Яшил энергетика технологиялари – GETCA 2024” кўргазмалари саноат ривожида муҳим ўрин тутади. Улар анъанавий ва муқобил энергия учун инновациялар ҳамда энг замонавий технологик ечимларни тақдим этади.

“Power Uzbekistan 2024” минтақадаги энергетика соҳасининг етакчи кўргазма тадбири сифатида ўтган йиллардаги кўрсаткичлардан янада ошиб, ўз майдонида саноатнинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жамлади. Жумладан, Корея Республикаси миллий стендида қуёш кўча ёритгичларини, қуёш иссиқлик коллекторини, энергияни бошқариш тизимини, резина кўпикли изоляцион материалларини, йиғма-тортма қуёш энергиясини ишлаб чиқариш мосламалари, Туркия миллий стендида биомассада ишлайдиган электр станциялари, буғ қозонлари, термал мойли қозонхоналар, электр энергиясини тақсимлаш тизимлари, бензин, дизель, табиий газ ва кема генераторлари учун юқори самарали ечимлар, Индонезия миллий стендида кабель маҳсулотлари, энергия ускуналари намойиш этилмоқда. Маҳаллий компаниялар стендида эса трансформаторлар, мис ва алюминийдан тайёрланган кабель ўтказгичларини ишга туширишгача бўлган кенг мажмуавий ечимлари ҳавола қилинмоқда.

– Ушбу кўргазмада мунтазам қатнашиб келамиз, – деди Самарқанддаги “Техноуз” компаниясининг дастурчи-муҳандиси Темур Соқиев. – Бу бизга халқаро ишлаб чиқарувчилар фаолияти билан танишиш баробарида, ҳамкорлар топишга ҳам ёрдам беради. 15 йилдан буён фаолият кўрсатаётган компаниямиз ёқилғи қуйиш шохобчалари учун зарур ускуналар ишлаб чиқаради.

Кўргазмалар 16 май куни ўз ишини якунлайди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири