Нукус шаҳридаги Амфитеатрда маданият ва санъат йўналиши бўйича ўтказилиб келинаётган “Ёшлар овози” Бўзатов FEST фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан ғолиб бўлган ёш иқтидор эгалари ва меҳмонлар иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, юртимизнинг минг-минглаб ёшларини ўзида жамлаган фестивалнинг очилиши билан қутлади ва барча иштирокчиларга омад ёр бўлишини тилади.

“Бўзатов иқтидорларни кашф этади!” шиори остида 2021 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур танловнинг мақсади юртимиз йигит-қизларини Оролбўйининг ҳаёти билан яқиндан таништириш, ёш истеъдодларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этиши учун кенг йўл очиб бериш, ҳаваскор ва профессионал ижодкорларни рағбатлантиришдан иборат. “Ёшлар овози” танлови иштирокчилари 10-15, 16-22 ва 23-30 ёш тоифасида бахшичилик, анъанавий ижро, опера ва эстрада йўналишларида ўз иқтидорини намоён этади. Уларнинг бўш вақтларини мароқли ўтказиш учун музейларга, Оролбўйининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар, турли мавзуларда учрашувлар ташкил этилади.

Тадбир санъаткорлар ижросидаги концерт дастури билан янада файзли бўлди.

Танловнинг якуний гала концерти ва ғолибларни тақдирлаш маросими 16 май куни Бўзатов туманида бўлиб ўтади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.