Шу кунларда бокс бўйича Қозоғистон ва Венгрияда ўтказилаётган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иштирок этмоқда.

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида анъанавий «Элорда кубоги» халқаро турнирининг илк кунида 2 нафар боксчимиз рингга кўтарилди. Жумладан, вазни -50 кг. бўлган Сабина Бобоқулова мезбонлар вакили Делпҳина Абилханни, -52 кг. вазн тоифасида Азизабону Маъмирова яна бир мезбон боксчи Беибит Казакбайни мағлубиятга учратиб навбатдаги босқичга чиқди.

Венгрияда бошланган халқаро турнирнинг биринчи кунида умидли боксчимиз вазни -60 килограмм бўлган Абдулазиз Жўрақулов уэлслик Левис Алфие устидан йирик ҳисобда зафар қучди. Шунингдек, -63,5 кг. вазнда Элбек Бахтиёров венгриялик Роланд Бураини, -67 кг. вазн тоифасида Акбар Аҳмадов мезбонлар вакили Бенсе Герани, -75 кг.да Руслан Эсанов яна бир мезбон боксчи Кристоф Паппни таслим қилди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 14 май кунидан Россиянинг Хабаровск шаҳрида халқаро турнир баҳслари бошланади. Унда Ўзбекистон бокс терма жамоасининг асосий таркиб вакиллари рингга кўтарилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА