Бугун 7 май куни Москвадаги Кремль Катта саройида Россия Президенти Владимир Путиннинг инаугурацияси бўлиб ўтади. Aмалдаги давлат раҳбари сўнгги сайловда 87,28 фоиз овоз билан ғалаба қозонган.
Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, овоз берган фуқаролар бўйича якуний кўрсаткич 77,49 фоизни ташкил қилган.
Путин энг юқори лавозимни яна олти йил, 2030 йилгача эгаллади. Мамлакат қонунчилигига кўра, янги сайланган президент лавозимига киришган куни ҳукумат истеъфога чиқиши керак. Кейин Давлат думаси 20 майгача ҳукуматнинг янги таркибини тасдиқлайди. Фаразларга қараганда, Вазирлар Маҳкамаси 8 майдаёқ тасдиқланиши кутиляпти.
Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва мудофаа вазири Сергей Шойгу лавозимини сақлаб қолиши тахмин қилиняпти.
Путин янги ҳукумат иқтисодий соҳада ижобий ўзгаришлар ясашидан умид қилмоқда. Шунингдек, энг замонавий қурол-яроқ кенг кўламда ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш, айни йўналишда илмий тадқиқотни кучайтириш тарафдори. Халқаро тўловлар бўйича доллардан мустақил тизим шакллантирилиши, бу борадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш чоралари кўрилиши назарда тутилган.
Россия Федерацияси Президенти белгилаган устувор йўналишлар қаторида иқтисодиётга инвестицияни кўпайтириш, давлат томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳам қайд этилган.
Ғарб томонидан ноанъанавий қадриятлар ўрнатилиши Россия учун номақбул эканини таъкидлаган Президент таълим сифатини ошириш, оилани ҳимоя қилиш сиёсатини чуқурлаштириш мақсадини ошкор қилди.
1952 йил 7 октябрь куни Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳрида туғилган Владимир Путин 1975 йил собиқ Совет Иттифоқи Давлат хавфсизлиги қўмитасида фаолият бошлаган. 1998 йил июлдан 1999 йил августгача мамлакат Федерал хавфсизлик хизмати директори лавозимида ишлаган. 1999 йил 31 декабрь куни Борис Ельцин истеъфога чиқиши муносабати билан Президент вазифасини бажарувчи этиб тайинлангач, давлатнинг биринчи шахсига айланди. Россия Президентлигига дастлаб 2000 йил 26 мартда, кейин 2004 йилда қайта сайланган.
2008-2012 йиллари Владимир Путин РФ Бош вазири эди. 2012 йилги сайловда яна мамлакат етакчисига айланди ва унинг ваколати муддати 4 йилдан 6 йилга оширилди. 2018 йил қайта сайланди. Россия Федерацияси Конституциясига киритилган ўзгариш қабул қилингач, 2024 йил яна сайланди.