Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари сармоядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида қатор аниқ таклифларни билдирди.

Биринчидан, янги таҳрирдаги “Инвестициялар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши таъкидланди. Ушбу ҳужжат Жаҳон савдо ташкилоти тартиб-қоидалари ва стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилди.

Иккинчидан, тез орада мамлакатимизда Рақамли технологиялар халқаро маркази ҳузурида Халқаро тижорат суди иш бошлайди. Ушбу суд Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлади.

Учинчидан, яқин вақтда саноат зоналари тизимида мутлақо янгича ёндашувлар жорий этилади. Саноат зоналарини бошқаришда хусусий операторлар, жумладан, юқори малакали хорижий компанияларни фаол жалб қилиш амалиёти кенгайтирилади. Махсус иқтисодий зоналар фаолият муддатлари бўйича чекловлар ҳам бекор қилинади.

Хорижий сармоядорлар учун ерларни ижарага бериш муддати 25 йилдан 49 йилгача, яъни, икки баробар узайтирилади. Бунда, қонунлар билан кафолатланган амалдаги имтиёз ва преференциялар тўлиқ сақлаб қолинади.

ЎзА