Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 18-19 апрель кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ташрифнинг биринчи куни ўтказилган музокараларда икки дўст мамлакат халқлари манфаатига хизмат қиладиган кўплаб келишувларга эришилди. Хусусан, давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларда янги тарихий босқични бошлаб берган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифининг иккинчи куни ушбу мамлакат Олий Мажлиси Намояндагон мажлиси Раиси Маҳмадтоир Зокирзода билан учрашув билан бошланди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида бугун юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Парламентлараро алмашинувни янада фаоллаштириш, кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар дастурларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суриш учун соҳавий қўмиталар ва ҳудудий кенгашлар даражасида самарали алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Қабул қилинган ҳужжатларни хатловдан ўтказиш ҳамда олий даражадаги келишувларнинг ўз вақтида рўёбга чиқарилиши устидан парламент назоратини амалга оширишда икки мамлакат депутатларининг муҳим роли қайд этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзодани қабул қилди.

Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари куни кеча Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида тарихий шартнома имзоланганини таъкидлади. Шу маънода, олий даражада эришилган барча келишувлар икки мамлакат ҳукуматлари томонидан сўзсиз амалга оширилиши муҳим экани қайд этилди.

Шу мақсадда қўшма “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва Бош вазирларнинг учрашувларини тизимли равишда ташкил этиб бориш зарур.

Товар айирбошлашни ошириш, чегараолди савдони ва савдо инфратузилмасини ривожлантириш, автомобилсозлик, энергетика, электротехника, қазиб чиқариш, тўқимачилик, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда саноат кооперациясини чуқурлаштириш устувор вазифалар сифатида кўрсатиб ўтилди.

Икки мамлакат ҳудудларининг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ҳамда маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи доирасида мамлакатимизнинг Душанбе шаҳридаги элчихонаси янги биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Давлат раҳбарлари рамзий тасмани кесиб, Ўзбекистон дипломатик ваколатхонаси биносини очиб бердилар. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар элчихона биносида дипломатлар учун яратилган шароитлар билан танишдилар.

Элчихонада мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган ишларни самарали ташкил этиш учун барча шароитлар яратилган.

Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон элчихона Фахрий меҳмонлар китобига ўз тилакларини ёзиб қолдирдилар.

Сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан биргаликда Душанбедаги Экспомарказида ташкил этилган Ўзбекистон саноат кўргазмасига ташриф буюрди.

Етакчилар “Made in Uzbekistan” бренди остида ташкил этилган павильон билан танишдилар. Унда мамлакатимиз автомобилсозлигининг юқори технологик маҳсулотлари, электр ва қишлоқ хўжалиги техникаси, тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа саноат тармоқларининг товарлари намойиш этилган.

Давлат раҳбарлари етакчи корхоналар кооперациясини кенгайтириш, ўзаро тажриба ва технологиялар билан алмашиш зарурлигини таъкидладилар.

Шу билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи якунига етди. Душанбе халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Президент Эмомали Раҳмон кузатиб қўйди.

ЎзА