Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида миллий қадриятимизнинг муҳим бўғини бўлган кураш спорти бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати мусобақалари ўтказилмоқда.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон кураш федерацияси, Хоразм вилоят прокуратураси, вилоят спорт бошқармаси мутасаддилари давлатимизнинг эътибори ва қўллаб-қувватлаши натижасида миллий ўйинлар даражасидан халқаро спорт тури мақомига кўтарилган курашнинг дунёдаги ривожида юртимизда ташкил этилаётган мусобақаларнинг савияси юқори бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Урганч кураш гиламларида кечаётган шиддатли беллашувларнинг биринчи кунги мусобақаларида ўз вазн тоифаларида қашқадарёлик Жавоҳир Чориев, жиззахлик Комил Шодмонов, бухоролик Беҳрўз Тиловов каби спортчилар ўғил болалар орасида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, курашчи қизлар ўртасидаги баҳсларда Зуҳра Ҳалимбоева, Гуласал Ураимова, Сабина Расулова, Элноза Темирова олтин медалларга мушарраф бўлишди.
Мамлакатимизнинг барча вилоят ва ҳудудларидан 800 нафарга яқин спортчи ёш иштирок этаётган Ўзбекистон чемпионатининг илк кунги беллашувлари сарҳисобига кўра, медаллар жамғаришда Қашқадарё, Бухоро, Наманган, Жиззах, Самарқанд вилоятлари жамоалари етакчилик қилмоқда.
19 апрель куни мамлакат биринчилиги давомида ўғил болалар 60, 65, 71, 77 килограммда, қизлар эса 48, 52, 57 килограмм оғирликда ғолиблик учун кечадиган беллашувларда қатнашади.
Ўзбекистон чемпионати жараёнида Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Қодиров етакчилигидаги мутахассислар давлатимиз раҳбарининг “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Хоразм вилояти, Янгибозор тумани, Дўстлик маҳалласида қуриб битказилган кураш маҳорат мактабида бўлиб, яратилган шарт-шаритлар билан танишишди.
Мутахассислар юртимизда оммавий спортни ривожлантириш, хусусан, миллий спорт турларимизнинг ривожи борасида қилинаётган ишлар, бунёд этилаётган кўркам мажмуалар ва бундай қулайликлар чекка-чекка маҳаллаларда ҳам амалга оширилаётганлиги ўзбек спортининг келажак ютуқларига хизмат қилишини эътироф этишди.
Т. Рўзиев, ЎзА мухбири