Бугун, 19 апрель куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида спорт курашлари бўйича «Париж-2024» Олимпия ўйинлари учун Осиё қитъаси вакилларига йўлланмалар тақдим этадиган нуфузли мусобақа ўтказилмоқда.
Олимпия ўйинлари йўлидаги энг муҳим мусобақанинг илк кунги баҳсларида эркин курашчилар 5 та вазн тоифасидаги беллашувларда гиламга чиқади.
Мамлакатимиз эркин курашчиларидан Ғуломжон Абдуллаев (-57 кг.) ва «Токио-2020» Олимпиадаси совриндори Бекзод Абдураҳмонов (-74 кг.) кун давомидаги саралаш мусобақаларини муваффақиятли ўтказди ва 1/2 финал йўлланмаси соҳиблари бўлди.
Ҳар икки спортчимизнинг ярим финалда муваффақиятга эришиши «Париж-2024» Олимпиадаси йўлланмасига эга чиқишини таъминлайди.
Осиё қитъасининг 30 га яқин давлатидан маҳоратли спортчилар қатнашаётган мазкур турнирда терма жамоамиз аъзоларидан Ҳасанбой Раҳимов 125 килограмм оғирликда суриялик Омар Саремни енгган бўлса, Умиджон Жалолов (-65 кг.) ҳиндистонлик Сужит Калькалга, тажрибали курашчимиз Магомед Ибрагимов (-97 кг.) эса мўғулистонлик Ганбатарин Ганхуягга қарши гиламга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, мусобақа низомига мувофиқ, бугун эркин курашчилар, эртага аёллар кураши вакиллари, 21 апрель куни юнон-рум кураши усталари Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун кечадиган беллашувларда иштирок этади.
Т.Рўзиев, ЎзА