Халқаро кураш ассоциацияси (IKA)нинг Дубай шаҳрида ўтказилган бошқарув кенгаши йиғилишида миллий спортимиз курашнинг вазн тоифасига яна битта оғирлик вазни қўшилгани эълон қилинди.
IKA бошқарув кенгашидаги муҳокамалар давомида сўнгги йилларда кураш спортининг халқаро ривожида муҳим ишлар қилинаётгани айтилди. Хусусан, Халқаро кураш ассоциациясининг AIMS аъзолигига қабул қилиниши бўйича келишувга эришилди. Ушбу ташкилотнинг амалдаги раҳбари Степан Фох томонидан кураш спорти вазнларини муқобиллаштириш борасидаги таклифлари асосида катталар ўртасидаги вазнлар 16 тага етказилишига келишилди.
Таъкидлаш керакки, бугунгача кураш мусобақаларида катталар ўртасидаги вазн тоифалари 15 тадан иборат бўлиб, унинг 7 таси эркаклар ва 8 таси аёл курашчиларга тегишли эди.
– Эркаклар вазн тоифасига яна битта вазн қўшиш натижасида вазнлар сони 16 тадан иборат бўлади. Айни ҳолат мусобақаларда иштирок этадиган спортчилар сонининг ортишига, уларда ғолиблик имконияти кенгайишига олиб келади, – дейди IKA раҳбари Ҳайдар Фармон.
Мазкур масалани кўриб чиқишда IKA вице-президенти Мирабе Илиадес, IKA бош котиби Муҳаммад Реза Нассирий ва IKA Техник директори Рави Капур ва бошқалар томонидан бир нечта вариантлар таклиф қилинди.
Билдирилган фикрлар асосида янги вазн тоифаси сифатида -120 килограммда тўхталинди. Сабаби 100 килограмм вазн тоифасидан юқори вазнларда янги вазн жиддий ўзгаришни юзага келтирмаслиги инобатга олинди. 100 килограммдан кам вазн тоифаларида эса бевосита кетма кетлик ўзгариши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Билдирилган фикр-мулоҳазаларга биноан Халқаро кураш ассоциациясининг тегишли қарори ишлаб чиқилиши белгиланди.
Т. Рўзиев, ЎзА