Жорий йилнинг 16-19 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва Мўйноқ туманида “Орол туризми” ҳафталиги тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Маълумки, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида туризмнинг бир қатор йўналишлари жадал ривожланиб келмоқда.

Қорақалпоғистоннинг жанубий масканларида жойлашган қадимий қалъалар ва Нукус шаҳридаги дунёга машҳур И.В.Савицкий давлат санъат музейи – тарихий-маданий туризм, Орол денгизи ва Устюрт платоси – Экотуризм, маҳаллий маданият ва урф-одатларни ёрқин намоён этувчи Чимбойлик ҳунармандлар –Этнотуризмнинг асосий дестинациялари бўлиб ҳисобланади.

Шу боисдан тадбир доирасида “Оролбўйи эзгу ният элчилари” халқаро илмий-амалий конференцияси, Орол мавзусида ижод қилган рассомларнинг ижодий кўргазмаси, «Эко-марафон» югуриш мусобақаси ва дарахт экиш акцияси ҳамда “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” халқаро гастрономик фестивали ташкил этилиши режалаштирилган.

Сайёҳларни жалб этиш учун туристик йўналишлар қаторида Гастрономик туризм катта аҳамиятга эга бўлиб, қорақалпоқ халқининг анъанавий ошхонаси ўзига хос томонлари билан ажралиб туради.

Қорақалпоғистоннинг гастрономик туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида 2017 йилдан буён “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” халқаро гастрономик фестивали ўтказиб келинмоқда. Мазкур тадбир миллий балиқ таомларини тарғибот қилиб қўймасдан, ҳудуддаги бошқа туристик йўналишларига ҳам маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилиб келмоқда.

Кенг қамровли фестиваль дастлаб Қорақалпоғистоннинг ўзига хос бўлган туристик маскани Мўйноқ туманидан бошланиб, кейинчалик пойтахт Нукус шаҳрида ҳамда Тахтакўпир туманида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир вилояти ўзига хос таомларига эга бўлганидек, Қорақалпоғистоннинг ҳам “Бес бармақ”, “Жугери гуртик”, «Ақсаулақ», «Турама», “Маек борек” ва балиқдан тайёрланган “Балиқ қарма”, “Илонбалиқдан котлетлар”, “Балиқ сўрпа” каби таомлари ўзининг мазаси билан ҳар бир ташриф буюрувчини баҳраманд қилади.

Эслатиб ўтамиз, “Орол туризм” ҳафталиги 19 апрелга қадар давом этади.

Зиёвуддин НУРИДДИНОВ, ЎзА