Гуанчжоу шаҳрида Хитой импорт ва экспорт кўргазмасининг 135 сессияси ўз ишини бошлади. Бу тадбир мамлакатдаги энг йирик савдо кўргазмаси сифатида танилган.
“AзерТAЖ” хабарига кўра, ярмаркада 30 мингга яқин компания иштирок этмоқда. Уларнинг 680 таси хорижий бўлиб, 4300 та корхона ўз маҳсулотларини илк бор намойиш этмоқда.
Жорий йилнинг 5 майига қадар давом этадиган кўргазманинг умумий майдони 1,55 миллион квадрат метр. Кўргазма-ярмаркада дунёнинг 200 га яқин давлатидан 145 минг харидор рўйхатдан ўтган. У ерда миллиондан ортиқ янги маҳсулотлар намойиш этилади.
Эслатиб ўтамиз, 1957 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур ярмарка Хитой ташқи савдосининг барометри ҳисобланади. Бу ташриф буюрувчилар ва иштирокчи компаниялар сони, савдо битимлари ва тақдим этилган маҳсулот турлари бўйича дунёдаги энг йирик кўргазмалардан бири. Хитой Савдо вазирлиги ва Гуандун провинцияси маъмурияти ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазма йилига икки марта – баҳор ва кузда ўтказилади.
Маълумот ўрнида, Хитой экспорт қилинадиган товарларнинг умумий қиймати бўйича дунёда биринчи ўринда, импорт қилинадиган товарлар қиймати бўйича AҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Жаҳон банки статистикасига кўра, номинал ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича дунёда иккинчи ўринда турадиган Хитой иқтисодиёти жаҳон иқтисодиётига катта таъсир кўрсатади.
Г.Сатторова, ЎзА