Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида фаолият юритаётган тьюторларнинг билим савияси ҳамда малакасини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли йиғилиш баёнида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ўтказилаётган ўқув курсларининг дастлабки дарси институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Қувондиқ Қодиров томонидан “Янги Конституция ва ёшлар сиёсати” мавзуси бўйича олиб борилди.
Бир ойлик ўқув курслари давомида тьюторлар Янги Ўзбекистонда таълим соҳасидаги ислоҳотлар, глобаллашув шароитида ёшларни Ватанга муҳаббат ҳамда садоқат, аждодлардан мерос бўлиб келаётган қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни, китобхонлик ҳамда экологик маданиятни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш ва ёшларга оид давлат сиёсатининг бошқа муҳим масалалари юзасидан ўз билимларини тегишли мутахассислар раҳбарлигида мустаҳкамлаб боради.
Ўқув курслари якунлари бўйича тьюторларнинг эгаллаган билим ҳамда кўникмалари ёзма ҳамда тест шаклида синовдан ўтказилиши, уларнинг фаолияти самарадорлиги махсус механизм (KPI) бўйича баҳоланиши режалаштирилган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири