Фаластиннинг ХAМAС ҳаракати Сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳаниянинг невараси Исроил армиясининг ҳужуми натижасида олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этди.
Соғлиқни сақлаш манбаларидан олинган маълумотларга кўра, шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, тиббий имкониятлар чекланганлиги сабабли Малак Ҳаниянинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Эслатиб ўтамиз, Исроил армияси 10 апрель куни Ғазо шаҳри ғарбидаги Aл-Шати қочқинлар лагерида Ҳаниянинг қариндошлари бўлган машинага ҳужум қилган.
Ҳозирга қадар Исроилнинг зарбаси оқибатида Фаластиннинг ХAМAС ҳаракати Сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳаниянинг уч ўғли (Ҳазим, Aмир ва Муҳаммад) ва тўрт невараси ҳалок бўлди.
Хабар қилинишича, вафот этганлар Рамазон ҳайитини нишонлаш учун кетаётган бўлган. ХАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания воқеани изоҳлар экан, унинг фарзандлари Қуддус ва Aл-Aқсо масжидини озод қилиш учун жонларини фидо қилганини айтди.
Исроил матбуотига кўра, “Ҳания ўғилларининг ўлдирилиши Исроил армияси ва разведкаси ҳамкорлигида амалга оширилган”.
ЎзА