Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Саудия Арабистони Подшоҳлиги ахборот агентлиги – SPA Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд билан учрашганини ёритди.
Мақолада Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” Стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви доирасида бўлиб ўтган ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари учрашувида дипломатик ва махсус паспорт эгаларини ўзаро қисқа муддатли виза талабларидан озод этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзолангани эътироф этилган.
Музокара чоғида Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ва кенг қамровли шериклик муносабатларини амалий бойитишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг томонлар расмий муҳокама сессиясини ўтказди, унда икки томонлама муносабатлар ва кўплаб соҳаларда қўшма ҳамкорликни кенгайтириш йўллари кўриб чиқилди, шунингдек, умумий манфаатдор масалалар бўйича икки ва кўп томонлама мувофиқлаштиришни фаоллаштириш муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда Саудиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф бин Солиҳ Ал-Гаҳра Ал-Утайбий ва вазир маслаҳатчиси Муҳаммад Ал-Яҳё ҳам иштирок этди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА