Пойтахтимиздаги «Ҳумо Арена» мажмуасида профессионал бокс бўйича IBA «Чемпионлар оқшоми» ўтказилди. Мазкур кечада 8 та жанг ўтказилди ва ушбу баҳсларнинг марказий жанги IBA камари учун Ҳасанбой Дўсматов ва Самуэл Кармона (Испания) ўртасида бўлиб ўтди.
Мазкур кеча Ўзбекистон спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Халқаро бокс ассоциацияси, мамлакатимиз бокс федерацияси ва бир қатор ташкилотчилар томонидан ташкил этилди.
IBA «Чемпионлар оқшоми»нинг марказий жангига қадар ўтказилган 6 раундлик беллашувларда Аълохон Абдуллаев -75 кг. вазн тоифасида Жаргал Отгонжаргални (Мўғулистон) 5 раундда нокаутга учратган ҳолда енгди. Супер ярим ўрта вазн тоифасида эса Иқболжон Холдоров қозоғистонлик Рахманқўл Сагадатни, -63.5 кг. вазнда Мужибилло Турсунов танзаниялик Жума Чокини, вазни -60 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари баҳсида Элнур Абдураимов мексикалик Карлос Орнеласни, оғир вазн тоифасида Жаҳонгир Зокиров хорватиялик Смакики Агронгани енгди. Шунингдек, Асадхўжа Мўйдинхўжаев 8 раунд этиб белгиланган баҳсда туркиялик Фатих Келес устидан зафар қучди. Ташкилотчилар томонидан 10 раунд давом этиши белгиланган баҳсда Артём Сусленков (Россия) ҳамда Майлк Хантерни (АҚШ) таслим этди.
IBA камари учун ўтказилган Ҳасанбой Дўсматов ва Самуэл Кармона (Испания) ўртасидаги жанг 10 раунд давом этди. Ҳасанбойнинг техникаси ва унинг тезкор ҳамда аниқ зарбалари рақибига қийинчилик туғдирди. Натижада боксчимиз зафар қучди. Бу ғалаба Ҳасанбой Дўсматовга IBA чемпионлик камарини тақдим этди ҳамда профессионал боксдаги 7 ғалабасини таъминлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА