ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий ҳудудида жойлашган Тахтакўпир туманида томорқадан муҳим даромад манбаи сифатида фойдаланаётган омилкорлар кўпчиликни ташкил этади. Туман марказида яшовчи нафақадаги нуроний Махсетбой Шалабоев улардан бири.

Махсетбой оға ҳоким ёрдамчисининг амалий кўмаги билан томорқасидаги 1,5 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил қилиб, эрта баҳор ва куз ойларида помидор, бодринг, пиёз, редиска, кўкат каби маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўйди. Иссиқхонада экинларни томчилатиб суғориш усулидан фойдаланилмоқда.

Томорқанинг очиқ майдонларида мавсумий сабзавот ва полиз экинлари етиштирилади.  Парваришдаги мевали дарахтлардан ҳар йили мўл ҳосил олинади. Шунингдек, томорқа ер эгаси ўтган йили банкнинг имтиёзли кредити ҳисобидан 15 та наслли қўй харид қилиб, чорвачилик билан ҳам шуғулланмоқда. Ҳозирда қўйлар сони 45 тага етказилган.

Махсетбой оға яқин кунларда хонадонида инкубатор ёрдамида жўжа етиштиришни ҳамда калифорния чувалчанги парваришлаш орқали биогумус маҳсулоти тайёрлашни режалаштирган.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА