9 апрель – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг, таълим муассасаларининг, ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Тантанали байрам тадбирида дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев йиғилганларни сана билан самимий муборакбод этди.

Таъкидланганидек, Конституция – бу миллий ҳуқуқ тизимининг асосини ташкил этиш билан бирга, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда аҳамиятли ҳужжат ҳисобланади. Юртимизнинг мустақил ривожланиш босқичларига назар ташлар эканмиз, албатта, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда юз бераётган ўзгаришлар ва янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилаётган натижалар – Бош Қомусимиз яратиб берган имкониятларнинг самараси ҳисобланади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоиз, юртимизда Президентимиз раҳбарлигида узоқни кўзлаган давлат сиёсати, ишлаб чиқилган қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг алоҳида ғамхўрлиги билан ўтган бир йил ичида фақатгина Қорақалпоғистон учун қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида халқимизга, жумладан, ёшларимиз, тадбиркорларимизга олдин бўлмаган имкониятлар яратилгани, маҳаллаларда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилгани қалбларда фахр туйғусини уйғотади.

Тадбирда сўзга чиққанлар йиғилганларни байрам билан табриклаб, республика халқига, шундан, ёшларга алоҳида ҳурмат ва эътибор учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирди.

Тадбир санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари Оролбўйининг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.