Миллий тиббиёт маркази – тиббиётимизнинг энг сўнгги ютуқларини ўзида жамлаган маскан

392

Жорий йилнинг бошида ишга тушган Миллий тиббиёт маркази тиббиётимизнинг энг сўнгги ютуқларини ўзида жамлаган муассасадир.

500 ўринга мўлжалланган ушбу марказда жами 169 турдаги 1000 дан зиёд илғор тиббий асбоб-ускуналар ўрнатилган бўлиб, амбулатор ва стационар тартибда 200 дан ортиқ тиббий хизмат кўрсатилади.

Фаолият бошлаганига кўп бўлмаган бўлсада, ҳозирда Миллий тиббиёт марказида иш қизғин давом этмоқда. Бу янги комплекснинг халқимиз ишончини қозониб бораётганидан далолатдир.

Миллий тиббиёт марказида илғор диагностика ва даволаш усулларини йўлга қўйиш, ўзаро билим ва тажриба алмашиш мақсадида етакчи хорижлик мутахассислар мунтазам жалб қилинмоқда.

Хусусан, бугун марказга Сент-Луис университети профессори, АҚШнинг энг нуфузли травматологларидан бири Жолдас Кулджанов ташриф буюрди.

Малакали хирург иштирокида марказ мутахассислари учун маъруза ва маҳорат дарслари ўтказилди. Шунингдек, 4 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

М.Қосимова, ЎзА