Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов ва Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов етакчилигидаги мутахасссислар ушбу масканда бўлиб, бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.
Маълумки, ёшлар ўртасида Тошкент-2025 ёзги Осиё ўйинлари учун барпо этилаётган улкан комплексда металл-конструкция ишлари якунланган бўлиб, спорт мажмуаларни пардозлаш ишлари давом этмоқда.
Мутасаддилар шаҳарчани барпо этаётган пудратчи ташкилот ҳисобланган Хитойнинг “САМСЕ” компанияси вакиллари билан қурилиш жараёнлари ҳақида суҳбатлашишди. Бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Мулоқотлар давомида давлатимиз раҳбари кўрсатмаси асосида “Олимпия шаҳарчаси”нинг ҳар бир объектига ўрнатиладиган замонавий асбоб ускуналар, спорт инвентарлари, жиҳозлаш учун зарур маҳсулотларнинг сифати, янги технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Танишув якунида “Олимпия шаҳарчаси” ўзбек спортининг тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмий-методик марказга айлантириш кераклиги таъкидланди.
Т. Рўзиев, ЎзА