Жорий йилнинг 10-13 июнь кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтадиган “2018-2028: Сув барқарор ривожланиш учун” халқаро ҳаракат ўн йиллиги бўйича учинчи юқори даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтади. Тадбир мақсади илғор тажриба ва инновацион ечимларни алмашишга қаратилган, деб ёзмоқда “Ҳовар” ахборот агентлиги.

Конференция манфаатдор томонлар ўртасида шерикликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишда сувнинг ролини ошириш, хабардорликни йўлга қўйиш ва 2030 кун тартибидаги сув билан боғлиқ мақсадларга эришиш йўлидаги тараққиётни тезлаштириш учун сиёсий иродани сафарбар қилиш имкониятини беради. Тадбир 2024 йилда барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форум ва 2026 йилда БМТнинг Сув конференциясига тайёргарлик жараёнига ҳисса қўшади.

ЮНИСЕФнинг Тожикистондаги ваколатхонаси раҳбари Артур ван Дизен таъкидлаганидек, БМТнинг Сув конференцияси дунё эътиборини сувнинг жамиятлар ва мамлакатлар учун бирлаштирувчи мақсад сифатидаги аҳамиятига қаратадиган муҳим воқеадир.

“Болалар учун хавфли сув, санитария ва гигиена  оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин. 5 ёшгача бўлган 700 дан ортиқ болалар ҳар куни хавфли сув, санитария ва гигиена хизматларининг етарли даражада йўқлиги сабабли диарея касалликларидан вафот этмоқда. Қуролли можаро ҳудудларида болалар диарея касалликларидан можародан кўра деярли 20 баробар кўпроқ нобуд бўларкан. Дунё бўйлаб 2 миллиард одам ҳанузгача тоза ичимлик суви, 3,6 миллиард одам хавфсиз санитария шароитларига эга эмас, 2 миллиард одам кир ювиш воситаларидан фойдалана олмагани ва 419 миллион киши очиқ дефекация билан шуғулланаётганини ҳисобга олсак, бу борада муаммонинг кўлами қай даражада эканини кўз олдимизга келтириш мумкин”, – дея қўшимча қилди манба.

“Конференциянинг умумий мақсади сув бўйича Ҳаракатлар ўн йиллиги мақсад ва вазифаларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш, БМТнинг 2023-йилги Сув конференциясида эришилган ютуқларни баҳолаш ва сув бўйича ҳаракатлар кун тартибини амалга оширишга эътиборни қаратишдан иборат. Шунингдек, “Сув ҳаракати” дастурида белгиланган мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ тўсиқ ва имкониятлар аниқланиши лозим, —дейди ваколатхона раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, конференция илғор тажрибалар ва инновацион ечимларни алмашиш, манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишда сувнинг ролини тарғиб қилиш, хабардорликни ошириш ва 2030 йилги кун тартибидаги сув билан боғлиқ мақсадларга эришиш йўлидаги тараққиётни тезлаштириш учун сиёсий иродани сафарбар этишга қаратилган.

 

С.Раҳимов тайёрлади, ЎзА