Тайванда содир бўлган кучли зилзиладан сўнг қутқарувчилар вайрона остида қолган, дараги чиқмаётганларни қидиришда давом этяпти.

Ҳукумат қутқарув хизмати карьерда қолиб кетган олти нафар кончини қутқаришга муваффақ бўлганини маълум қилган. Миллий ёнғин агентлиги маълумот беришича, айни пайт жароҳатланганлар 1050 нафар. 150 га яқин одам қамалиб қолган ёки бошқа сабаб туфайли алоқага чиқа олмаяпти.

Ички ишлар вазири Лин Ю Чанг айтишича, тақдири номаълум 52 киши айни дам озиқ-овқат ва сувга муҳтож бўлиши мумкин. Афсуски, уларнинг қанчаси тириклиги ҳам аниқ эмас. Расмийлар таъкидлашича, кўчки остида қолган, ҳозирча бедарак йўқолган, деб ҳисобланаётганларни қидириш, асосан, Хуалянь ҳудудида олиб бориляпти. Шунингдек, орол шарқидаги Тароко миллий боғи меҳмонхонасининг 40 нафар ходими билан алоқа қилиш имкони ҳам бўлмаяпти.