Нукус шаҳридаги Республика болалар кутубхонасида 2 апрель – Халқаро болалар китоби куни ҳамда “Китобхонлик ҳафталиги”нинг бошланиши муносабати билан тадбир ўтказилди.
“Китоб – миллатнинг маданий ва маънавий бойлиги” мавзусида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси К.Каримов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси А.Абдиев, Республика болалар кутубхонаси директори З.Сейтниязова ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онги тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга, уларни она Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан тарбиялашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февралдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтаси “Китобхонлик ҳафталиги” этиб белгиланди. Ҳафталик давомида “Очиқ эшиклар куни” китоблар кўргазмаси, “Бир фарзандга учта китоб”, “Бир ҳафтада бир китоб”, “Фарзандимга китоб совға қиламан” акциялари ташкил этилади. Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оилавий китоб ўқиш анъанасини йўлга қўйиш мақсадида “Энг яхши китобхон оила”, “Энг яхши китобхон устоз”, “Энг яхши китобхон ўқувчи” танловлари ўтказилади.
Тадбирда болажонлар эътиборига театрлаштирилган мусиқий дастур намойиш этилди. Нукус шаҳар маданият бўлими ва иқтидорли ёшлар томонидан миллий рақслар, куй ва қўшиқлар ижро этилди.
Янги нашр этилган китоблар кўргазмаси ташкил этилди.
“Китобхонлик ҳафталиги” доирасидаги тадбирлар Оролбўйининг барча туманларида давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари