Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тавуш вилоятидаги Озарбайжон қишлоқлари масаласи бўйича юзага келган кескин вазиятни юмшатиш учун истеъфога чиқишга қарор қилди, деб ёзди мамлакатда чиқадиган “Жоховурд” нашри.
“Бу Пашинян учун ҳам, унинг партияси учун ҳам нажотдир”, – таъкидланган хабарда.
2024 йил 10 сентябрда навбатдан ташқари парламент сайлови ўтказилиши режалаштирилган. Ҳукуматга қарашли “Баграмян-26” ижтимоий тармоқ саҳифаси ушбу хабар 1 апрель ҳазили эканини айтди.
***
Эрдоғаннинг маслаҳатчиси Меҳмет Учум муддатидан аввал президент сайлови бўлмаслигини таъкидлади.
– Маҳаллий ҳокимият идораларига сайлов натижасидан келиб чиқиб, Президент ва парламент сайловидан умид қилаётганлар бекорга уринмаслиги керак, – деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. 2028 йилгача Туркияда барча соҳада сиёсий ислоҳот ўтказилади. Президент Эрдоған Туркияни янги босқичга бошлайди. Бу борада ҳеч кимда шубҳа бўлмасин.
***
Қозоғистон биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сотиболдиулу Остона судида жиноий йўл билан топилган пулни қонунийлаштириш билан шуғулланганини тўлиқ тан олди, деб хабар тарқатди республика олий суди ижтимоий тармоқ орқали.
2022 йил сентябрь ойида суд Сотиболдиулуни талон-тарож қилганликда айблаб, олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Шу сабабли айбдор бугун суд жараёнига онлайн тартибда қўшилди.
***
Молдовада бошланган JCET-2024 ўқув машқида АҚШ ва Руминия аскарлари иштирок этмоқда, дейилган республика Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Машғулотдан кўзланган мақсад молдовалик, украиналик ва АҚШ махсус топшириқ бўйича жангчиларининг биргаликдаги тайёргарлигини ташкил этиш, тажриба алмашиш, шунингдек тезкор мувофиқлашув даражасини оширишдан иборат.
***
Франция Хитойдан Украина масаласида Россияга аниқ сигнал жўнатишини кутиб қолади, дея баёнот берди мамлакат ташқи ишлар вазири Стефан Сежурне. У хитойлик ҳамкасби Ван И билан бирга ўтказилган қўшма конференцияда ушбу баёнотни берди, дейилган “Франс Пресс” агентлиги ахборотида.
Сежурне таъкидлашича, тинчлик халқаро ҳуқуққа мувофиқ келмаса, европаликлар хавфсиз бўла олмайди.
***
Европага нисбатан ҳарбий таҳдид пайдо бўлса, АҚШ ёрдамга келмайди, деди ГФР мудофаа концерни – “Rheinmetall” раҳбари Армин Паппергер “Financial Times” газетасига интервью бераркан.
Унинг таъкидлашича, сўнгги ўн йиликлар Европа ҳарбий таҳдид пайдо бўлса, АҚШ ёрдамга келади, деб ҳисобларди.
– Энди бундай бўлмайди, – деди Паппергер. – АҚШ иттифоқчиларини ҳимоя қилиш учун пул бермайди, балки кўпроқ эътиборини Осиё-Тинч океани минтақасига қаратади.
Паппергер Европа мамлакатларини америкаликларга рақобатбардош бўлиш учун мудофа компанияларнинг янада йирик гуруҳларини ташкил қилишга чақирди.
***
Туркияда бўлиб ўтган маҳаллий бошқарув идораларига сайлов натижаси иқтисодий муаммолар туфайли мамлакат ҳукумати учун жиддий огоҳлантиришдир, деб ёзди “Hürriyet” газетаси.
Мақолада, жумладан, шундай дейилган:
– 10 ойдан сўнг бўлиб ўтган сайловда Эрдоған учун овоз беришмади, энди манзара бутунлай ўзгарди. Нима учун? Фуқаролар ҳукумат эътиборини иқтисодий муаммоларга қаратишни истади. Бу жиддий огоҳлантириш!
***
Ғазо секторида ҳалок бўлган исроиллик аскарлар сони 600 нафарга етди, деб хабар тарқатди “Франс Пресс” мамлакат армияси маълумотига таяниб.
– Армия 20 ёшли Надав Коэннинг ўлими ҳақида, шунингдек жами ҳалок бўлганлар 600 кишига етганини маълум қилди, – деб ёзган агентлик.
***
Қозоғистонда сув тошқини натижасида 11 минг киши яшаб турган уйидан хавфсиз жойга кўчирилди, деб ёзди “ТАСС” агентлиги Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати тарқатган маълумотига таяниб.
Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, кенг кўламли сув тошқини туфайли Оқтўбе, Кўстанай, Ғарбий Қозоғистон, Абай, Улитов ва Акмола вилоятларида фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган.
***
Электромобиль учун аккумулятор ишлаб чиқарадиган дунёдаги энг йирик корхона – Хитойнинг CATL компанияси маълум қилишича, бу йил корхона ишлаб чиқараётган аккумулятор нархи 50 фоиз арзонлашади.
“The Asia Times” ёзишича, CATL ва бозорнинг яна бир етакчиси BYD энди электромобиль аккумулятори тайёрлашда кобальтдан фойдаланмайди. Ушбу металл камёб ва қиммат бўлиб, асосан Конго Демократик Республикасида болалар меҳнатидан фойдаланиб қазиб олинар экан.
***
8 апрелда Қуёш тутилиши юз беради, ҳодиса давомийлиги беш соатга чўзилади, дейилган ТАСС агентлиги хабарида.
Энг узоқ тутилиш Мексика шимолида кузатилади. Ушбу табиат ҳодисасига АҚШ ва Канада аҳолиси ҳам гувоҳ бўлади.
С.Раҳимов, ЎзА