Қорақалпоғистон Республикаси туризм бошқармаси ташаббуси билан Нукус шаҳридаги янгидан барпо этилган “Damir Hotel” меҳмонхонасида ички туризм ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирнинг асосий мақсади ҳудудларнинг туристик имкониятларини ошириш, маҳаллий аҳолини саёҳатга жалб қилиш ва туризм хизматлари экспортини кенгайтиришдир.
Ярмаркада Қорақалпоғистонда ўз фаолиятини юритиб келаётган маҳаллий туристик корхоналар, жойлаштириш воситалари, жумладан, меҳмонхона, хостел ва меҳмон уйлари, бошқа туризм соҳасидаги бир қатор тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.
Тадбир доирасида миллий ҳунармандлар кўргазмаси, туристик корхона ва жойлаштириш воситаларининг бугунги кундаги мавжуд имкониятларини акс эттирувчи кўргазмалар, “DMO Karakalpakstan” жамоат ташкилотининг тақдимоти, шунингдек, тадбиркорлар орасида B2B учрашувлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январдаги “Республикага хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида жаҳон туризм бозоридаги кучли рақобат шароитида мамлакатимизга хорижий туристларни кенг жалб қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш, туризм намойиши объектларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳудудларни ўзаро боғловчи туризм хизматларини янада кенгайтириш, соҳада янги иш ўринларини яратиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур фармонда республика туризм салоҳиятини хорижий мамлакатларда манзилли тарғиб қилиш билан бирга, ички туризм йўналишидаги туроператорларнинг маҳсулотларини туристларга тақдим қилиш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризм ярмаркасини ташкил этиш вазифаси белгиланган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2023 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасига 118 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Ички туризм кўрсаткичи эса 1 миллиондан ошди. Бугунги кунда ҳудудда 102 та жойлаштириш воситаси, 31 та меҳмонхона, 45 та меҳмон уйи ва 26 та хостел фаолият юритиб келмоқда. Туристик корхоналар йилдан-йилга кўпайиб, уларнинг сони эса 62 тага етди.
Тадбирда соҳада муваффақиятли фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Туризм ярмаркаси сумалак сайлига уланиб кетди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари