Суд-ҳуқуқ соҳаси фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларнинг тажрибасини ёш судьяларга етказиш мақсадида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси суди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ҳамкорлигида “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбири ўтказилди.
Видеоконфренцалоқа орқали ўтган тадбирда Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, суд фахрийлари, Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судья ва ходимлари, уларнинг ота-оналари, талаба-ёшлар иштирок этди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим омили эканлиги, талаба-ёшларга одил судлов инсон манфаатлари ҳимоясининг гаровилиги тушунтирилди. Шунингдек, “Касби-корим адолат бўлди” китоби тақдимоти ўтказилди.
Кўпни кўрган нуронийлар тажрибаси ёшлар учун катта ибрат мактаби. Инсон қадри улуғланаётган юртда бундай учрашувлар ёш судьялар ва суд ходимларини тафаккур қилишга, адолатли ва фақатгина қонунларга мувофиқ пок виждон билан ишлашга, инсон тақдири ва қадри учун янада масъулиятли бўлишга ундайди.
Ўзаро суҳбат ва мулоқотда мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани таъкидланди.
Суд фахрийлари ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдирди. Эл-юрт равнақи йўлида мамлакатимиз раҳбарига яқин кўмакчи, камарбаста бўлиш лозимлиги уч авлодга мансуб юртдошларимиз ўртасида кечган самимий суҳбатларнинг бош мавзусига айланди.
Тадбирда суд фахрийларига Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоевнинг “Касби-корим адолат бўлди” китоби ва эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири