25 март куни Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишига бағишланган маросим бўлди.
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда 1,6 гигаваттли 9 та қуёш ва шамол электр станциялари тармоққа уланди. Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 183 мегаваттли 6 та гидроэлектрстанцияси ишга туширилди.
Бугунги кунда Наманганда жами 913 мегаватт генерация қуввати мавжуд. Сўнгги уч йилда электр истеъмоли 24 фоизга ўсган ва бу, табиийки, давом этади.
Шу боис вилоятда жами қиймати 1,1 миллиард доллар, қуввати 1 минг 228 мегаватт бўлган учта мажмуа лойиҳалаштирилди. Булар гидроэлектрстанциялар каскади ҳамда иккита қуёш электр станциясидир.
Жумладан, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти 434 миллион доллар эвазига Уйчи тумани, Норин дарёсида 228 мегаваттли 6 та “ГЭС каскади”ни барпо қилади. Бунинг натижасида йилига 1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, 310 миллион метр куб газ иқтисод қилинади, 430 минг хонадонга электр узатилади.
Яна бир эътиборли томони, ушбу ГЭС тўлиқ юртимизда ишлаб чиқарилаётган ускуна ва технологиялар ҳисобига қурилади. Яъни у мамлакатимизда “биринчи миллий ГЭС” бўлади.
Бу станцияларда 133 киши, қурилиш даврида 4 минг одам ишлайди.
Поп туманида Германиянинг “Hyper Partners GmbH” компанияси томонидан 500 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси қурилади. Мазкур лойиҳанинг қиймати 350 миллион доллар бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллиард 95 миллион киловатт-соатни ташкил этди.
Бирлашган Араб Амирликларининг “Tepelen Group Holding Limited” компанияси билан ҳамкорликдаги қуёш электр станцияси ҳам Попда қурилади. Унинг ҳам қиймати 350 миллион доллар, қуввати 500 мегаваттни ташкил этади.
Ушбу станцияларни шу йил якунига қадар тармоққа улаш кўзда тутилган. Уларда 120 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Мазкур лойиҳалар натижасида Наманган вилоятининг генерация қувватлари 2 141 мегаваттга етади. Йиллик 7,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса вилоятнинг электр энергиясига бўлган 5,5 миллиард кВт соатлик талабини тўлиқ қоплайди. Ортган 30 фоиз электр Андижон ва Фарғона вилоятларига йўналтирилади.
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур йирик энергетика лойиҳалари қурилишини бошлаб берди.
– Одамларимиз фаровон яшашига шароит яратиш Янги Ўзбекистон сиёсатининг асосий пойдеворларидан биридир. Бунинг катта-кичик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, уларнинг барқарор фаолияти учун узлуксиз энергия таъминоти ниҳоятда зарур. Шу маънода, бугунги маросим ҳам тарихий воқеа. Барчангизни шундай янги лойиҳа ва ташаббуслар билан табриклайман, – деди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидлаш жоизки, 2025 йилда Поп ва Уйчи туманларида умумий қуввати 200 мегаватт бўлган электр энергиясини сақлаш тизимлари ишга туширилиши режалаштирилган. Бу лойиҳалар истеъмол ортган даврда ягона энергетика тизимини ростлаш ва электр энергиясини истеъмолчиларга барқарор етказиб беришга хизмат қилади.
Шу йилнинг ўзида республикамизда 14 та қуёш ва шамол станциясини қуриш доирасида 2,6 гигаватт қувват тармоққа уланади.