Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев Польша Республикаси маданият ва миллий мерос вазирининг ўринбосари Б.Желазовска бошчилигидаги парламент делегацияси билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон-Польша муносабатларининг ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш, уни янги мазмун билан бойитиш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида ўзаро тажриба алмашишни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмонларга Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш, мамлакатимиз барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тўғрисида маълумот берилди.

Польша томони Ўзбекистонда демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Суҳбат давомида икки томонлама парламентлараро мулоқот изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Мамлакатларимиз қонун чиқарувчи органлари ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни фаоллаштиришда қизиқиш билдирилди.

Ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

«Варшава – Тошкент – Варшава» тўғридан-тўғри авиақатновининг очилиши Польша томони учун ҳам жуда узоқ кутилган воқеа экани алоҳида таъкидланди.

Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидлаб, икки давлат пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилгани ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга, ўзаро сайёҳлик оқимини оширишга хизмат қилишини қайд этди.

 

Н.Абдураимова,

ЎзА