Қирғизистонда ёғоч ва ёғоч маҳсулотларини Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга қўйилган вақтинча тақиқ олти ойга узайтирилди, деб хабар берди “Kazinform” агентлиги.
Қирғиз Республикаси Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги зиммасига вақтинча тақиқ киритилгани тўғрисида Жаҳон савдо ташкилоти ва Евросиё иқтисодий комиссиясини белгиланган тартибда хабардор қилиш вазифаси юклатилди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат божхона хизмати ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати томонидан товарлар ноқонуний олиб чиқиб кетилишига чек қўйиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Қирғизистон вақти-вақти билан Россия Федерациясидан олиб келинаётган ёғочнинг учинчи давлатларга бож тўламасдан олиб ўтилишига йўл қўймаслик мақсадида муайян товарларни Қирғизистон Республикасидан ЕОИИ божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга олти ой муддатли тақиқ киритади. Ушбу чора Евросиё Ҳукуматлараро кенгашининг ЕОИИга аъзо давлатлар томонидан бир қатор товар объектларига нисбатан экспортни тартибга солиш чорасини қўллаш бўйича кўрсатмасини бажариш мақсадида қабул қилинади.