AҚШ Сенатидаги кўпчилик етакчиси, демократ Чак Шумер Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 7 октябрдан кейин жараённи нотўғри бошқарганини қайд этди:

– Ҳозирги ўта муҳим дақиқада мен янги сайлов ўтказиш Исроил келажаги ҳақида соғлом ва очиқ қарорлар қабул қилиш жараёнининг ягона йўли, деб ҳисоблайман.

AҚШда юқори расмий лавозимни эгаллаган тажрибали яҳудий сиёсатчи сифатида таърифланадиган бу шахс ўз нутқида Исроилга дўст экани, доим Исроил фойдасига ишлайдиган масалалар кўтарганини таъкидлади.

У 7 октябрдан кейин Нетаньяху маъмурияти кўп хатоларга йўл қўйгани, уруш даври Вазирлар Маҳкамаси вазиятни яхши бошқара олмаганини урғулаган:

– Бош вазир Нетаньяху ўзи сиёсий шахс сифатида омон қолишини Исроил манфаатидан устун қўйиб, йўлдан адашди. У Бен-Гвир ва Смотрич каби ўта ўнгчи экстремистлар билан коалицияга кирди. Натижада Ғазода кўп бегуноҳ аҳоли қурбон бўлди. Айни ҳаракатлар Исроилни глобал қўллаб-қувватлаш тарихий энг паст даражага тушишига сабаб бўлди.