Калифорния штатидаги Федерал қидирув бюросига тегишли ўқув марказида портлаш содир бўлган. Натижада Америка махсус хизмати 16 жангчиси машқ пайти жароҳат олган, деб ёзди маҳаллий KTLA портали.

“Ҳодиса Оринж округида махсус топшириқлар хизмати аскарлари миналаштириш мутахассислари билан бирга машқ ўтказаётганда юз берди”, – дейилган хабарда.

***

Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти Исроил ҳарбийларининг олтита нуқтасига зарба берганини эълон қилди.

Таъкидланишича, жангчилар шарқий йўналишда тўрт, ғарбий йўналишда икки манзилга ҳужум уюштирган. Зарбаларнинг ярми ракета қуролидан йўлланган.

***

Польша ҳукумати турли мамлакатларда фаолият юритаётган кўплаб элчиларни алмаштиради.

– Ташқи ишлар вазири  Радослав Сикорский 13 март куни 50 дан зиёд элчининг миссиясини якунлаш тўғрисида қарор қабул қилди, – дейилган ТИВ хабарида. – Шунингдек, аввалги вазир томонидан тасдиқлаш учун тақдим этилган ўн нафар дипломат номзоди ҳам рад этилган.

Польша ТИВ ушбу масала Президент томонидан ҳам қўллаб-қувватланишига умид билдирган.

***

Оқ уй расмий вакили Карин Жан-Пьер айтишича, АҚШ Президенти Жо Байден Россия етакчиси Владимир Путиннинг журналист Димитрий Киселёвга берган интервьюсидан хабардор.

– Президент хабардор, албатта, – деган у. – Жаноб Путин  Россиянинг ядровий доктринаси ҳақида гапирди, унга шу ҳақда савол берилганди. Барибир, Россиянинг зиддият давомидаги ядровий пўписаси масъулиятсизлик ва ўйламай айтилган гап.

***

Жанубий Корея Ғазо секторида юзага келган оғир вазият муносабати билан Исроилни Фаластин фуқароларини ўлдиришни бас қилишга чақиради, дея баёнот берди республика вакили.

Аввалроқ Жанубий Корея Исроилнинг қуруқликдаги амалиётини Ғазо секторида Рафоҳ шаҳригача кенгайтириш режасидан жиддий хавотир билдириб, барча томонларни БМТ Хавфсизлик Кенгаши тегишли резолюцияларига амал қилишга чақирган эди.

***

Молдова ҳозирча НАТОга кириш масаласини кўриб чиқмайди, чунки ушбу ғоя республика аҳолиси орасида етарли қўлловга эга эмас, деди мамлакат ТИВ раҳбари Михай Попшой.

Унинг таъкидлашича, ушбу масалани кенг муҳокамага олиб чиқиш керак.

– Барчаси ҳақида эркин, очиқ баҳс-мунозара бўлиши, қарор демократик тарзда қабул қилиниши лозим, – таъкидлаган Попшой. – Бу жараён узоқ истиқболга тегишли.

***

Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар доимий вакиллари жорий йил Европа тинчлик фондидан Украинага беш миллиард евро ёрдам ажратиш бўйича бир қарорга келди, деб хабар тарқатди ЕИ Кенгашига раислик қилаётган Бельгия ваколатхонаси ижтимоий тармоқ орқали.

Бюджетдан ташқари Европа тинчлик жамғармаси иттифоқ томонидан 2021 йил мартда ташкил этилган.

***

АҚШ ҳозирча ядро қуролини кўпайтирмоқчи эмас, лекин масала жиддий ўрганилмоқда, деди мамлакат ядровий хавфсизлик бўйича миллий агентлиги (NNSA) раҳбари ўринбосари Фрэнк Роуз.

Аввалроқ Президент Жо Байден ядро қуролини модернизация қилиш учун Конгрессдан 2025 молия йилига қарийб 20 миллиард доллар сўраганди.

***

Ғарб Украинага қўшин эмас, балки қурол ва пул бериши керак, деди Польша Президенти Анжей Дуда “Bloomberg” агентлигига интервьюсида.
– Можарога аралашмай, низони тўхтатишнинг ягона имконияти Украинани қурол-яроқ ва маблағ билан қўллаб-қувватлаш, – таъкидлади у. – Агар зиддият давом этса ва мамлакатлар Украинага ҳарбийларини жўнатса, тинчликка эришиш жуда қимматга тушади.

С.Раҳимов, ЎзА