Собиқ Президент Дональд Трамп фикрича, Европа Украинани молиялаштириш учун кўпроқ харажат қилиши, яъни АҚШ қанча маблағ ажратса Европа ҳам шунча бериши керак.

“Ҳозирги вазият АҚШга нисбатан адолатсизликдир”, деди у “Newsmax” телеканалига интервью бераркан.

Мухбир Трампдан “Агар президентликка сайлансангиз, Украинани молиялаштириш қисқариши мумкинми?”, дея сўраган.

– Европа кам харажат қилмоқда, – деган собиқ президент. – АҚШ қанча маблағ ажратса, Европа мамлакатлари ҳам, бир бўлиб, шунча сарфлаши керак. Улар биздан кўра кўпроқ хавф остида. Европа Украинага тахминан 100 миллиард доллар кам сарфлаяпти. Бу Америкага, солиқ тўловчиларимизга нисбатан адолатсизлик.

Трамп аввал ҳам, агар сайловда ғалаба қозонса, 2025 йил июнда НАТО саммитини чақириб, Альянс келажагини муҳокама қилиш ниятида эканини маълум қилган.