Хабар берилганидек, АҚШ Нью-Йорк шаҳрида БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси бўлиб ўтмоқда.
Туркия оила ва ижтимоий хизматлар вазири Моҳинур Ўздемир Гўктош Исроил ижтимоий тенглик ва аёллар тараққиёти вазири Мэй Голаннинг сессиядаги нутқи чоғида зални тарк этди. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Вазир шу тариқа Туркия номидан Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумига норозилик билдирган. ОАВ ёзишича, Гўктош сессия иштирокчиларига мурожаат қилар экан, қашшоқлик ва институционал заифликка қарши курашиш зарурлигини қайд этди.
– Гендер тенглик масаласини муҳокама қилар эканмиз, Исроил – Фаластин можароси натижасида юзага чиқаётган инқирозни эътиборсиз қолдира олмаймиз, – деди туркиялик сиёсатчи. – Анқара Ғазо секторига қилинган ҳужумни кескин қоралайди ва зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, гуманитар ёрдам беришга чақиради.
У Туркия аёллар ҳуқуқини таъминлаш учун қатъий қадам ташлашда давом этиши, келажакни шакллантиришда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлигини ҳам айтган.
Сўнгги йигирма йил ичида мамлакатда умумий бандлик даражаси 12 фоиз, аёллар бандлиги 25 фоиз ошган. Ўқув дастурлари, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш орқали аёллар тадбиркорлиги ривожлантирилмоқда. “Ёш аёллар ўз келажагини қурмоқда” лойиҳаси доирасида таълим ололмаётган, иш топа олмаётган ёш қизларга сабоқ, маслаҳат бериляпти.
– Туркияда аёллар ҳуқуқини тўлақонли таъминлаш ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш орқали оилавий қадриятларга устувор аҳамият бериляпти, – дея маълумот берган вазир. – Турк цивилизациясида аёллар муносиб ўрин эгаллаб келган. Демак, гендер тенгликни янада мустаҳкамлаш йўлида давом этамиз.
Эслатиб ўтамиз, БМТ сессияда Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Б.Худойбердиев, ЎзА