Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 2-туридан ўрин олган “Динамо” – “Нефтчи” учрашуви 0:1 ҳисобида якунланди. Ўйиндаги ягона гол 51-дақиқада Аббосжон Ғуломов томонидан киритилди. Шу тариқа “Нефтчи” иккинчи турда ҳам ғалаба қозониб, очколари сонини 6 тага етказиб олди.
Шунингдек, “Андижон” ва “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги ўйинда мезбонлар йирик 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Таъкидлаш лозимки, “Андижон” клуби “Бунёдкор”ни ўз тарихида илк маротаба таслим қилди. Ушбу жамоалар шу кунга қадар жами 27 беллашувда майдонга тушган ва уларнинг 20 тасида пойтахт жамоаси ғалабани қўлга киритган бўлса, 6 та ўйин дуранг билан якунланган. Ушбу ғалабадан сўнг, “Андижон” ўз ҳисобидаги очколарни 4 тага етказиб олди. “Бунёдкор” эса ҳамон очкосиз қолмоқда.
Бугун, 11 март куни Суперлиганинг 2-туридан ўрин олган сўнгги учрашув бўлиб ўтади. Унда “Қизилқум” ва “Сурхон” ўзаро рақобатлашади.
***
Ла Лиганинг 28-туридан ўрин олган “Реал” – “Сельта” баҳсида 4:0 ҳисоби қайд этилди. Ушбу ғалабадан сўнг “Реал”нинг очколари 69 тага етди. У ҳамон чемпионат пешқадами бўлиб турибди. Унинг ортидан “Жирона” 7 очко, “Барселона” эса 8 очко ортда қолган ҳолда бормоқда.
***
АПЛ нинг 28-туридан ўрин олган “Ливерпуль” – “Манчестер Сити” учрашувида жамоалар 1:1 ҳисобидаги дурангга имзо чекди. Ушбу дурангдан сўнг “Ливерпуль” ва “Арсенал” ҳисобидаги очколар сони 64 тага етди ва голлар нисбатига кўра Лондон жамоаси биринчи поғонадан жой олмоқда. “Манчестер Сити» эса 63 очко билан учинчи поғонага тушиб кетди.
***
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов Италия А сериясининг 28-турида “Кальяри” ва “Салернитана” учрашувининг иккинчи бўлимида майдонга тушди. Элдор ушбу ўйинда ниҳоят гол урди. Легионеримизнинг дубли сардинияликларга 4:2 ҳисобида ғалаба келтириб, “Кальяри”ни бир неча поғона юқорига кўтарди ва хавфли ҳудуддан узоқлаштирди.
Бу учрашув доирасига оид бир неча қизиқарли фактлар юзага келди. Гап шундаки, Элдор Шомуродов А сериядаги сўнгги голини 2023 йилнинг 2 апрелида айнан “Салернитана” жамоаси дарвозасига урган эди. Ўшанда ҳам салерноликлар дарвозасини Мексика терма жамоаси посбони Гильермо Очоа қўриқлаган. Шунингдек, мазкур ўйинда Мексика терма жамоасини 2005 йилдан бери қўриқлаб келаётган Гильермо Очоа фаолиятидаги юбилей 1000-голини ўтказди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон ва Мексика терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувида Очоа қўриқлаган дарвозага Бобур Абдухолиқов, Азизбек Турғунбоев ва Отабек Шукуровлар ҳам гол уришганди. Шу тариқа Очоа ўтказган голларнинг 6 таси ҳамюртларимизга тегишли бўлди.
Дарвоқе, Туркия чемпионатининг 29-туридан ўрин олган “Кайсериспор” – “Хатайспор” учрашуви 1:1 ҳисоби билан якунланди. Унда Отабек Шукуров 76-дақиқада майдонга тушди. Ушбу турдан кейин кайсериликлар турнир жадвалида 12-ўринга тушиб кетди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА