“Eurо news” хабар беришича, “Мета” ихтиёридаги ижтимоий тармоқ платформалари фойдаланувчилари сешанба куни бир неча соат давомида тизимга киришда муаммога дуч келган.
Интернет-трафик монитори “Down Detector” кенг тарқалган узилиш ҳақида хабар берган, техник носозлик бутун дунё бўйлаб кузатилган.
Компания алоқа бўлими бошлиғи Энди Стоун муаммони тан олган.
– Техник камчилик сабаб, одамлар баъзи хизматларимизга киришда қийинчиликка дуч келди, – деб ёзди Стоун ўз саҳифасида. – Муаммони имкон қадар тез ҳал қилдик. Ноқулайлик учун узр сўраймиз.
Технологик компания акцияси узилиш туфайли 1,5 фоиз арзонлашди. Йўқотиш миқдори ҳозирча номаълум. Уч йил муқаддам шу каби муаммолар натижасида “Мета” кўрган зарар 100 миллион долларга баҳоланган эди.