Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 17 мартдаги қарорига асосан қарздор Амударё туманидаги “AMUDARYOTEX” масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи “Якуббой Аширов” фермер хўжалигининг фойдасига жами 1 миллиард 19 миллион 499 минг 446 сўм ундириш белгиланган.
Ушбу қарорга асосан чиқарилган ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими иш юритувига келиб тушган ва бўлим ходимлари томонидан ижро ҳаракатига киришилган. Жумладан, ижро ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида қарздор “AMUDARYOTEX” масъулияти чекланган жамиятнинг банк ҳисоб рақамига электрон инкассо қўйилди ва қарздорга тегишли автотранспорт воситаси ва 5 та кўчмас мулкига банд солинди.
Шунинг натижасида ундирилиш лозим бўлган 1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик жорий йилнинг 21 февраль куни тўлиғи билан ундирилиб, ушбу пул маблағи “Якуббой Аширов” фермер хўжалигининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири