Якшанба куни ОПЕК+ таркибидаги бир неча давлат “бозор барқарорлиги ва мувозанатини” қўллаб-қувватлаш учун нефть қазиб олиш қисқартирилиши муддати иккинчи чораккача узайтирилишини эълон қилди.
ОПЕК котибияти бир неча ОПЕК+ давлати (Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти аъзолари ва иттифоқчилар)нинг 2024 йил иккинчи чоракда қазиб олишни қўшимча ихтиёрий равишда кунига 2,2 миллион баррелга қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги баёнотини “эътиборга олди”.
Қисқартириш ОПЕК+ вазирлари йиғилишида 2023 йил июнида маъқулланган квота асосида жорий қилинган. Ушбу чора ОПЕК+ мамлакатлари томонидан ўтган йил апрель ойида эълон қилинган ва кейинчалик 2024 йил охиригача узайтирилган ишлаб чиқаришни ихтиёрий тарзда қисқартириш жараёнини тўлдиради, дейилган ОПЕК баёнотида.
Ўтган йил ноябрь ойида Саудия Aрабистони, Россия ва бошқа ОПЕК+ таркибидаги бир қатор давлатлар жорий йил биринчи чорагида кунига жами 2,2 миллион баррелга яқин нефть қазиб олишни ихтиёрий равишда қисқартиришини эълон қилди.
Саудия Энергетика вазирлиги якшанба куни ОПЕКнинг амалда етакчиси сифатида мамлакат томонидан қазиб олинадиган маҳсулотни кунига 1 миллион баррел қисқартириш чорасини июнь ойи охиригача узайтиришини айтди. Вазирлик маълумотига кўра, иккинчи чорак якунида нефть қазиб олиш миқдори кунига қарийб 9 миллион баррелни ташкил этади.
ОПЕКнинг етакчи иттифоқчиларидан бири – Россия ҳам иккинчи чоракда қазиб олиш ва экспорт қилишни ихтиёрий равишда 471 минг баррелга қисқартиришини эълон қилди. Бу биринчи чоракдаги 500 минг баррел кўрсаткичдан бироз камроқ.
Бошқа ОПЕК+ давлатлари, жумладан Ироқ, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Кувайт, Қозоғистон, Жазоир ва Уммон ҳам қазиб олишни ихтиёрий равишда қисқартириш муддатини иккинчи чораккача узайтирди.
ОПЕК баёнотида айтилишича, айни жараён июнь ойидан кейин бозор барқарорлигини сақлаб қолиш учун “шароитга қараб, аста-секин ортга қайтади”.
Июнь ойида ОПЕК+ мамлакатлари нефть қазиб олиш стратегиясини муҳокама қилиш учун вазирлар йиғилишини ўтказади.
ЎзА