АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари камида 1000 та, жумладан сунъий интеллект технологияси ёрдамида автоном ҳаракат қила оладиган бир неча юз учувчисиз бошқариладиган қирувчи самолётни сафга киритмоқчи, деб ёзган “Wall Street Journal” газетаси.

“Ҳаво кучларига камида мингта ҳозир ишлаб чиқилаётган кичик қирувчи, жумладан кейинги беш йил ичида юзлаб шундай қурилмалар керак”, деб ёзган газета. Қайд этилишича, ушбу аслаҳалар Ф-35 қирувчи ёки Б-21 бомбардимончи самолёт каби одам бошқарадиган учоқларни ҳамроҳ бўлиб ҳимоя қилишга мўлжалланган. Шунингдек, душман самолётлари ва ердаги нишонларига ҳужум қилиш учун қурол олиб юриш ҳамда разведка самолёти ва “алоқа маркази” сифатида ҳам фаолият юритишга қодир.

Таъкидланганидек, “ердан бошқарадиган технология самолётларга мустақил парвоз қилиш ва жанговар шароитга мослашиш имконини берувчи дастурий таъминот билан алмаштирилмоқда”.

Учувчисиз қирувчи самолётлар дастурининг бюджети 6 миллиард долларни ташкил этади. Айни мақсадда “Boeing”, “Lockheed Martin”, “Northrop Grumman”, “General Atomics” ва “Anduril Industries” компаниялари ўз ишланмаларини тақдим этади. Режага кўра, ёзгача Пентагон шартнома тузиш учун ушбу компаниялардан иккитасини танлайди.

Қўшимча қилинишича, Қўшма Штатларда учувчисиз қирувчи самолётлар ривожланишига мавжуд самолётлар нархи кескин ошиши, шунингдек самолётлар учун дастурий таъминот ишлаб чиқишдаги муваффақият туртки бермоқда. АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари самолётлари ҳозир анча эскирган.