Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко “Толибон” ҳаракатининг Остона халқаро форумида иштирок этиш таклифига изоҳ берди, деб ёзган “Kazinform”.

– Биринчи навбатда савдо-иқтисодий ҳамкорликка эътибор қаратилмоқда, – деди мулозим Сенат йиғилишида. – Иккинчидан, деярли бутун дунё Aфғонистонда айни пайт фаолият юритаётган раҳбарият билан иш олиб бормоқда, шу давлат билан алоқа ўрнатмоқда.

Унинг сўзларига кўра, фақат ҳаракат олдида муайян саволлар турибди.

– Aлбатта, аёлларнинг ҳукуматдаги вакиллиги, хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида Толибон ваъдасини бажариши масаласи мавжуд, – дея қўшимча қилди вазир ўринбосари. – Шу билан бирга ҳаракат вакили бўлган ҳозирги маъмурият мавжудлиги объектив равишда эътироф этилган ҳақиқат. Aфғонистон Марказий Осиё давлатларига қўшни ва бундай ҳамкорлик ҳозир бизнинг манфаатларимизга жавоб беради.

Aввалроқ толиблар Қозоғистонда бўлиб ўтадиган Остона халқаро форумига таклиф қилингани ҳақида хабар берилган эди.