Трамп: Президент бўлсам, чегараларни ёпаман!
АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп “Truth Social” нашрида агар президент сайловида ғалаба қилса, зудлик билан АҚШ чегараларини ёпиш, мигрантлар киришини тақиқлаш ҳамда биринчи кунданоқ ноқонуний мигрантлар ва жиноятчиларни депортация қилиш амалиётини бошлашга ваъда берди.
Ноқонуний миграция билан боғлиқ вазият жанубий штатлар ва федерал ҳукумат ўртасида бир неча йилдан буён баҳс-мунозарага сабаб бўлиб келмоқда. Энг кескин вазият Техас штатида кузатилмоқда.
Эрон бойитилган уран захирасини 60 фоиз қисқартирди
“Reuters” агентлиги МАГАТЭ ҳисоботига таяниб ёзишича, Эрон бойитилган уран захирасини 60 фоиз камайтирган. Эътиборлиси, қарийб қурол сифати даражасигача бойитилган модда, назарий жиҳатдан, атом бомбасига айланиш арафасида зарарсизлантирилган.
2 февралда МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси Эрон юқори даражада бойитилган уран ишлаб чиқаришни кескин камайтирганини маълум қилганди. Агар 90 фоизгача бойитилса, урандан ядро қуроли яратиш мақсадида фойдаланса бўлади.
Арманистон ТИВ раҳбари амалий ташриф билан Туркияга боради
Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян 1 март куни Анталияда ўтадиган дипломатия анжуманида иштирок этиш учун Туркияга боради.
Сенегалда умумий авф эълон қилиниши мумкин
Миллий ярашув руҳида парламентга умумий авф тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилмоқда. Мамлакатда сайлов кунини белгилаш бўйича умуммиллий мулоқот очилишида шу ҳақда айтилди.
Ўтган ҳафта ҳукумат қарори билан мамлакат қамоқхоналаридан мухолиф партиялар ва жамоатчилик гуруҳларининг 300 дан зиёд вакили қўйиб юборилди. Маҳбуслар шартли равишда озод қилинмоқда, яъни муайян ҳолатларда улар қайта ушланиши мумкин.
Сайловда мухолифат ғалаба қозонса, ЖАР БРИКСни тарк этади
Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтадиган президент сайловида мухолифат вакили ғалаба қозонса, мамлакат ташқи сиёсий йўлини ўзгартириб, БРИКСдан чиқиши мумкин, деди Россиядаги элчи Мзувукиле Жефф Макетука ТАСС агентлигига берган интервьюсида.
“ЖАР БРИКС ташкилотидан худди Аргентинага ўхшаб чиқиб кетади”, – деди у. Дипломат таъкидлашича, мухолиф кучлар Россияга нисбатан салбий фикрда.
ШҲТ миссияси Беларусда сайлов шаффоф ўтганини эътироф этди
ШҲТ бош котиби ўринбосари, ташкилот миссияси раҳбари Нурлан Ермекбаев таъкидлашича, Беларусдаги парламент сайлови қонунчиликка, халқаро мажбуриятларга мувофиқ ўтган.
“Миссия сайловни шаффоф, ишончли ва демократик тамойилга амал қилинган ҳолда ўтказилганини эътироф этади”, – деди Ермекбаев сайлов якуни бўйича бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Озарбайжоннинг Арманистонга ҳудудий даъвоси йўқ
Президент Илҳом Алиев баёнот беришича, Озарбайжон томонининг Арманистон ҳудудига даъвоси йўқ, бироқ Ереван ҳам Бокуга нисбатан ҳудудий даъво қилмаслиги керак.
– Арманистон шуни билиб қўйиши керак-ки, ягона йўл Озарбайжоннинг барча шартларига рози бўлиш ва ҳудудий даъводан воз кечиш, – деди Алиев Хожалида жамоатчилик вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда. – Бизнинг Арманистонга ҳудудий даъвомиз йўқ.
Исроил Киевга ракета зарбасидан эрта огоҳ этувчи
тизим бериши мумкин
Исроил Украинага ракета зарбаcи ва дрон ҳужумидан эрта огоҳлантирувчи тизим бериш устида иш олиб боряпти, деди Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан.
Элчи БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида сўзга чиқиб, шундай деди:
– Исроил Украинага аҳолини ракета ва дрон зарбасидан ҳимоя қилиш учун олдиндан огоҳлантирувчи тизимни тақдим этади. Биз бу соҳада тадқиқотни ривожлантиришга мажбур бўлганмиз ва салоҳиятимизни украиналик дўстлар билан баҳам кўриш истагидамиз.
Хитойдан энг кўп инвестиция олаётган уч давлат номи маълум қилинди
Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) сўнгги етти йилда минтақада Хитойдан энг кўп инвестиция олаётган давлатлар Қозоғистон, РФ ва Туркманистон эканини маълум қилди. Жами сармоянинг 52 фоизи Қозоғистон улушига тўғри келиб, 41,9 миллиард долларни ташкил этган. Хитойд РФга 19,7 миллиард доллар, Туркманистонга 9,4 миллиард доллар сармоя киритган.
Эрон ер юзидаги бор ядро қуролини йўқ қилиш тарафдори
– Эрон инсоният учун жуда кучли таҳдид туғдираётган сайёрамиздаги барча ядро қуролларидан воз кечишни талаб қилади, – дея баёнот берди Эрон ТИВ раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Женевада Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгаши 55-сессиясида сўзга чиқиб.
Европарламент Украинага 50 миллиард евро ёрдамни маъқуллади
Европа депутатлари кўпчилик овоз билан Украина учун 50 миллиард еврога тенг янги ёрдам фонди ташкил этилишини маъқуллади.
2027 йилгача мўлжалланган жамғарманинг бир неча шарти бор: молиялаштириш ҳар йили муҳокама қилиб борилади, икки йилдан кейин эса қайта кўриб чиқилиши мумкин.
С.Раҳимов, ЎзА