Италия UNESCO чақириғига жавобан болалар томонидан гаджетдан фойдаланишни тўлиқ тақиқлашга қарор қилди, деб хабар берди “Тренд” ахборот агентлиги.
Таълим вазири Жузеппе Валдитара янги қоидага кўра, мамлакатдаги боғча ва мактабларда смартфон ва планшет ишлатиш мумкин эмаслигини маълум қилди. Расмийлар томонидан қабул қилинган қарор мамлакатда ҳар доим ҳам кузатилмайдиган чекловни кучайтиради.
Мулозим таъкидлашича, гаджет диққатни жамлашга халақит беради, академик кўрсаткичга ва умуман ўқув жараёнига салбий таъсир қилади, кўпинча болалар ва ўқитувчилар ўртасида зиддият келтириб чиқаради.
– Педагог кадрларни ҳимоя қилиш – нафақат мактаб тизими, балки демократик тизимнинг асоси бўлган ваколат тамойилини ҳам ҳимоя қилиш демак, – деди вазир.
Гаджетдан фойдаланишга қарши кураш UNESCO бутун дунё бўйлаб мактабда смартфондан фойдаланишни тақиқлаш ҳақидаги чақириғини эълон қилгандан сўнг бошланди. Зеро, гаджет ўқувчини чалғитади ва таълим натижасига салбий таъсир кўрсатади.