Президент Шавкат Мирзиёев 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни Хонобод шаҳридаги Янги ҳаёт маҳалласи ҳаёти билан танишишдан бошланди.

Хонобод мамлакатимизнинг энг шарқий ҳудуди. Чегарада жойлашгани сабабли илгари ёпиқ шаҳар эди. Охирги йиллардаги ўзгаришлар, яхши қўшничилик сиёсати натижасида Хонобод янада обод ва кўркамлашди. Унинг иқтисодиёти анча соғломлашиб, аҳоли турмуш даражаси юксала бошлади. Бугун бу ерда туризм, саноат, мева-сабзавотчилик ва хизматлар ривожланмоқда.

Янги ҳаёт маҳалласи фаоллари давлатимиз раҳбарига одамларнинг турмуш тарзи ҳақида сўзлаб берди.

Бу маҳаллада 3 минг 500 дан ортиқ аҳоли яшайди. Мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва коллежларда сифатли таълим учун шароитлар бор. Тоғ ёнбағридаги дам олиш масканлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва томорқа хўжаликларида аҳоли иш билан банд.

Бундан ташқари, ўндан ортиқ уй меҳмонхонаси, йигирмага яқин савдо дўкони, сартарошхона, хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Ўтган йилда маҳалладаги юз нафардан ортиқ ишсиз аҳоли доимий ва мавсумий ишларга жойлаштирилди. Яна 181 фуқаро ўзини ўзи банд қилган.

Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги фармонига мувофиқ, маҳалла институтининг жамиятимизда ва аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатидаги роли оширилди. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, солиқчи ва ижтимоий хизмат ходимидан иборат «маҳалла еттилиги» ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу тизим вакиллари билан суҳбатлашди.

– Биз биринчи кундан халқ билан мулоқот, халқни рози қилишга киришганмиз. Шунинг учун маҳалла тизимини биринчи бўғин сифатида ривожлантираяпмиз. Маҳалла – фуқаролик жамиятининг асоси. Бу халқнинг дарди, овози, дегани. Маҳалладаги давлат вакиллари берилган ваколат ва маблағлардан фойдаланиб, дунёқарашини ўзгартириб, одамларни рози қилиши керак. Ишонаманки, Янги ҳаёт маҳалласи Ўзбекистонга намуна бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент маҳалла гузари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ҳам кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари Хонобод шаҳри Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи Салоҳиддин Усмонов хонадонида меҳмон бўлди.

Оила бошлиғи рафиқаси Зиёда опа билан икки фарзандни вояга етказган. Ҳовли обод. Уй замонавий қиёфага эга, томига қуёш панеллари ўрнатилган. Шунингдек, энергия тежамкор алоҳида иситиш тизими барпо этилган.

Сўнгги йилларда Хонободда туризм ривожланмоқда. Инфратузилма яхшиланиб, сайёҳлар жалб этилмоқда. Бу имкониятлардан фойдаланиб, хонадонда уй меҳмонхонаси ташкил этилган.

С.Усмонов қишлоқ хўжалиги мутахассиси. Улар қўзиқорин етиштириш билан ҳам шуғулланади.

Президентимиз бундай омилкорликни маъқуллаб, бошқа жойларда ҳам қўллаш муҳимлигини таъкидлади.

– Ҳар бир маҳалланинг ўз имкониятлари, анъаналари, одамларнинг хоҳиш-истаклари бор. Маҳалла уюшмаси ва иқтисодий комплекс вакиллари уларни аниқлаб, қўллаб-қувватласа, аҳолини банд қилиш, даромад манбаи яратиш мумкин. Шунинг учун ҳамма масъулларни қуйи бўғинга тушириб, ҳудудларни маҳаллабай ривожлантиришга эътибор қаратаяпмиз, – деди Президент.

Шундан сўнг Хонобод шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Андижон вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказилди.

Андижон вилоятида саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ижтимоий соҳалар юксалмоқда. Шу билан бирга, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кўп.

Йиғилишда шундай имкониятлар кўрсатилиб, уларни ишга солиш бўйича чоралар ва масъуллар белгиланди.

Бу йил Андижонда 190 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, 7 мингта оила янги хонадон билан таъминланиши, Асака туманида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилиши қайд этилди.

Маҳаллаларни обод қилиш ва кўкаламзорлаштириш бўйича Андижон тажрибаси яратилади. Уларни мева-сабзавот, чорвачилик, ҳунармандчилик, касаначилик, саноат, савдо ва хизматга чуқур ихтисослаштириш бўйича дастур амалга оширилади. Бу мақсадларга 850 миллиард сўм кредит ресурслари ва 50 миллиард сўм субсидия ажратилади.

Транспорт хизматларини яхшилаш мақсадида Хонободдан Асакагача поезд қатновини йўлга қўйиш, Андижондан юртимизнинг бошқа шаҳарларига поезд ва автобус қатновини кўпайтириш режалаштирилди. Шунингдек, кичик ва микро ГЭСлар қуриш, электр тармоқлари ва йўлларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берилди.

Вилоятда ишсизлик даражаси 7 фоизга тушган. Аҳолининг тадбиркорликдан олаётган даромади 1,5 бараварга ошган. 225 минг аҳоли ўзини ўзи банд қилган.

Лекин ҳали 400 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш, битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш зарур. Шу мақсадда улар касб-ҳунарга ўқитилади, имтиёзли кредитлар берилиб, тадбиркорликка жалб этилади. Хитой тажрибаси асосида маҳаллалар четида иссиқхоналар ташкил этилиб, эҳтиёжманд оилаларга бўлиб берилади. Ёшлар ахборот технологиялари ва хорижий тилларга қўшимча ўқитилади.

Андижонда автомобилсозлик соҳасида 12 та йирик ва 160 дан ортиқ маҳаллий корхона бор. Уларда 17 минг аҳоли банд. Буни янада ошириш учун эҳтиёт ва бутловчи қисмларни кооперация асосида маҳаллаларда ишлаб чиқариш кенгайтирилади. Булоқбошида керамик плита, Марҳамат ва Балиқчида чинни буюмлар корхоналари ташкил этилади.

Вилоятда ип-калавани қайта ишлаш даражасини 100 фоизга етказиш имконияти борлиги қайд этилди. Бу йил 150 миллион долларлик бўяш ва тайёр кийим ишлаб чиқариш лойиҳалари якунланиб, 6 мингта иш ўрни яратилади. Тўқимачилик корхоналарига Италиядан дизайнерлар олиб келинади. Шунингдек, Олтинкўл туманида мебелсозлик комплекси барпо этилади.

Мураккаб таркибли дори ва тиббий буюм ишлаб чиқариш бўйича 7 та лойиҳа амалга оширилади. Олий таълим муассасаси билан бирга фармацевтика кластери ташкил қилинади.

Андижон вилояти билан Хитой ишбилармонлари ўртасида 3 миллиард долларлик келишувларга эришилган. Унинг 1 миллиард долларини шу йилнинг ўзида жалб этиш мумкин. Шу мақсадда Андижон туманида 218 гектарда “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонаси ташкил қилинади. Инвесторларга эркин иқтисодий зоналар учун белгиланган барча солиқ ва божхона имтиёзлари берилади. Шунингдек, саноат зоналардаги бўш ерларга 300 миллион долларлик лойиҳалар жойлаштирилади.

Мутасаддилар жорий йилда 2,5 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиб, 45 мингта иш ўрни яратиш, 1 миллиард доллар экспорт таъминлаш режаларини баён қилди.

Замонавий меҳмонхоналар ва туризм марказларини барпо этилиб, 20 минг кишининг бандлигини таъминлаш имкони борлиги айтилди.

Қишлоқ хўжалигидаги асосий вазифа ҳосилдорликни ошириш, экспортни кўпайтириш ва саноатлаштириш бўлади. Шу мақсадда пахтачиликда 80 центнергача ҳосил берадиган, тола чиқими 45 фоизгача бўлган Хитой нави экилади. 10 минг гектарда томчилатиб суғориш жорий қилиниб, яна 20 минг гектар ер лазер усулида текисланади. “Туямўйин”, “Миян”, “Чинободсой”, “Қадим”, “Қатортол”, “Пахтаобод” каналлари бетонланади.

Мева-сабзавот етиштириш учун оилавий тадбиркорлик доирасида 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратилади, қурилмалар харид қилишга субсидия берилади, сердаромад экинлар уруғи ва кўчати харажатининг 30 фоизи қопланади.

Озиқ-овқат саноатига хорижий брендлар жалб этилади.  Андижон туманида йирик агрологистика маркази қурилади. Дарё ва зовурлар, уларнинг атрофи тадбиркорларга ижарага берилиб, парранда ва балиқ боқиш йўлга қўйилади. Марҳаматдаги пиллачилик кластери Андижоннинг ҳамма туманларига намуна бўлди. Йўл бўйлари, дала, боғ ва ток четлари аҳолига бўлиб берилиб, 20 миллион тут экилади.

Ижтимоий соҳалар таҳлил қилинар экан, аввало, мактаб таълими сифатини оширишга эътибор қаратилди. Шу мақсадда 10-11 синф ўқувчиларига аниқ, табиий ва чет тили фанларидан бирини чуқур ўрганиш ёки ишчи ва IT касбларга ўқиш имкони яратилади. Бунинг учун мактабларда устахоналар ташкил этилиб, амалий машғулотни тадбиркорлар ўтказади.

Асака агротехнология техникуми билан Андижон қишлоқ хўжалиги институти ўртасида “2+2” дастури жорий қилинади.  Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида бошқарув ва ўқитиш методикалари янгиланади.

Вилоят шифохоналарини ривожлантириб, кардио, эндо ва микрохирургия йўналишида тиббий хизматлар экспортини 2 баробар ошириш мумкинлиги қайд этилди. Андижон шаҳридаги бир-бирига яқин жойлашган 8 та шифохонани кластер усулида бирлаштириш, Тиббиёт институти клиникаси негизида кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Президентимиз йиғилиш улуғ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур туғилган кунларда бўлиб ўтаётганига эътибор қаратиб, ушбу сана муносабати билан андижонликларни табриклади. Андижон шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи янги ғоявий концепция асосида қайта қурилиши маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбари Андижон шаҳридаги санъат мактабига ўзбек қўшиқчилигига беқиёс ҳисса қўшган, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев номини беришни таклиф қилди. У Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, грант асосида янги истеъдод эгалари тарбияланади.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари Бош вазир ўринбосарлари, вазирлар, ҳокимлар ҳамда тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбирлари