“Washington Post” газетасининг ёзишича, бу интервью Владимир Путин ва Тукер Карлсон учун катта ютуқ бўлиши мумкин эди. Aйниқса, бу Россия президентининг Украинага бўлган зиддиятини оқлаш, Карлсон учун эса “Fox News”дан ишдан бўшатилганидан кейин яна бир бор ўзини намойиш қилиш учун имконият эди.
Aслида, Карлсон “Fox News” телеканалидаги шоуларда “жанговар суҳбатлар устаси” бўлган, аммо ушбу интервью Путиннинг “Россия ва Украина тарихининг зерикарли ҳикояси” билан аралашиб кетди. Шунингдек, мухбир Россия раҳбарига бир қанча муҳим мавзулар, хусусан, Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларидан тортиб, Путиннинг ички мухолифларга қарши ҳужумларигача бўлган мавзулар ҳақида сўрай олмади.
“New York Times” таҳлилига кўра, икки соатлик интервью “аниқ ва таъсирчан суҳбат бўлмаган”.
– Карлсон жаноблари Путиннинг 832 йилга бориб тақаладиган Россия ва Украина тарихи ҳақидаги ярим соатлик маърузасини жимгина кузатиб ўтирди ва айрим саволлар бериб, Россия президентининг Ғарбга нисбатан норозиликларини тинглади, -деб ёзади Питер Бейкер ушбу суҳбатга муносабат билдириб. – Шунингдек, Карлсон президент Путинга бир йил аввал Россияда жосусликда айбланиб ҳибсга олинган “Wall Street Journal” мухбири Эван Гершкович масаласида ҳам савол берди. Шуниси қизиқки, Карлсон жаноблари Россия раҳбарининг айрим фикрларига зўрға қарши чиқа олди.