Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко мамлакатимизга расмий ташриф доирасида пойтахтимиздаги “Humo Arena” муз саройига ташриф буюрди.

Спорт мажмуасида Беларусь етакчисини Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Муз саройидаги ушбу учрашув чуқур рамзий маънога эга. Александр Лукашенко – хоккей ишқибози, Беларусда ушбу спорт турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди, ўз ҳам бир неча бор муз майдонига тушган.

Ўзбекистонда ҳам спортнинг қишки турлари, шу жумладан хоккейни ривожлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. 2019 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Humo Arena» кўп функцияли муз саройи барпо қилинган эди. Тошкентнинг «Ҳумо» жамоаси халқаро ва минтақавий мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда, хусусан, Беларуснинг Гродно шаҳри “Неман” клуби билан беллашиб келмоқда.

Танишув чоғида Президентлар Тошкентнинг “Ҳумо” ва Остонанинг “Номад” хоккей жамоалари ўртасидаги учрашувни томоша қилдилар. Ўйин якунида олий мартабали меҳмонларга уларнинг исмлари туширилган хоккей кийими топширилди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари эртага, 8 февраль кунига режалаштирилган.